Президент 4 октябрь куни «Хирургия хизматини трансформация қилиш, ҳудудларда жарроҳлик амалиётлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ, болаларда туғма юрак нуқсонларини эндоваскуляр йўл билан даволашни кенг жорий этиш, уларни қисқа вақт ичида тўлиқ соғломлаштириб, ногиронликдан чиқариш учун зарур шароитлар яратилади.

2021 йилда юрак нуқсонларини даволаш учун мўлжалланган 500 та тиббий буюм (окклюдер) харид қилинади. Бунинг учун ССВга ривожлантириш дастурлари учун ажратилган маблағлар доирасида 10 млрд сўм маблағ йўналтирилади. 2022 йилдан бошлаб эса эҳтиёждан келиб чиқиб ҳар йили ўртача 2500 та окклюдер (таҳминан 50 млрд сўмга) харид қилинади. Ушбу харажатлар Давлат бюджети параметрларида акс этади.

Бундан ташқари, қарор билан Хирургия хизматини трансформация қилишнинг асосий йўналишлари ҳам белгилаб берилди.

Унга кўра, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази — вилоят — туман (шаҳар) тиббиёт муассасалари ўртасида узвий боғлиқлик таъминланади.

Ҳудудлар ва туман (шаҳар) даражасида кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётлари кенг жорий этилади. Хирургия марказида трансплантация амалиётларига хорижий мутахассислар жалб этилади.

Хирург, анестезиолог, реаниматолог, нефролог ва бошқа мутахассисларнинг салоҳиятини ошириш, уларни нуфузли хорижий тиббиёт муассасалари ва марказларида малака ошириши ва стажировка ўташини ташкил этиш, замонавий симуляцион марказда мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилади.

Хирургия йўналишида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, ходимларнинг илмий салоҳиятини ошириш ҳам кўзда тутилмоқда.

Аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Хирургия маркази, унинг филиаллари, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларининг моддий-техника базасини мустаҳкамланади.

2021 йилда Хирургия маркази филиалларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун — 42,5 млрд сўм маблағ ажратилади.

2022−2023 йилларда туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларига бириктирилмаган 26 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларининг хирургия, анестезиология-реанимация бўлимларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш учун — 71,4 млрд сўм йўналтирилади.

Бунинг учун маблағлар республика бюджетидан, шунингдек, жойларда кам инвазив ва юқори технологик жарроҳлик амалиётларини жорий этиш натижасида тежаладиган маблағлар ҳамда халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит ва грант маблағлари ҳисобига ажратилади.