Тошкент давлат иқтисодиёт университети («Нархоз») собиқ проректори Идиев Нодир Фозиловичга нисбатан қидирув эълон қилинди. Бу бўйича Ички ишлар вазирлиги сайтида хабар берилган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (кўп миқдордаги фирибгарлик) ва 209-модда «а» банди (Мансаб сохтакорлиги, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноий иш қўзғатилган. Ҳуқуқий жиҳатдан кўп миқдордаги фирибгарлик деганда БҲМнинг 500 ёки ундан кўпроқ баравари (135 млн сўм ва кўпроқ) тушунилади.

Нодир Идиев олдинроқ Тошкент давлат иқтисодиёт университетида молия-иқтисод ишлари бўйича проректор лавозимида ишлаган.

Ушбу масала юзасидан «Газета.uz» университет матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, университетнинг собиқ проректори Нодир Идиев 2021 йил июль ойида меҳнат таътилига чиқиб кетган ва шу билан қайтиб келмаган. Август ойида еса унга нисбатан қидирув эълон қилинган. Университет матбуот хизматига кўра, қидирувдаги шахснинг жиноятлари «университет билан умуман боғлиқ эмас».