Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга катта амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бу ҳақда 5 октябрь куни президент Гурбангули Бердимуҳамедов брифингда гапирди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Мен Ўзбекистон Республикасининг ҳурматли президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевни 2007 йилдан бери биламан. Бу қарийб 14 йил дегани. Ўша йилларда биз у билан бошқа лавозимларда ишлар эдик. Бундай узоқ муддатли шахсий мулоқотлар натижасида бир-биримизни жуда яхши билиб олдик. Шавкат Миромонович, очиқчасига менга инсон сифатида ёқади. У жуда масъулиятли раҳбар ва ўз ишини билади», — деди Туркманистон раҳбари.

Гурбангули Бердимуҳамедов Шавкат Мирзиёевнинг пахта етиштириш бўйича берган маслаҳатини алоҳида қайд этди.

«Шавкат Миромонович бизга катта амалий ёрдам беради. Битта мисол келтираман. Унинг пахтани етиштириш бўйича маслаҳатлари ва тавсияларини биз мамлакатимизда муваффақиятли равишда тадбиқ этганмиз. Ва, албатта, ушбу муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ҳажмларини сезиларли даражада оширишга эришганмиз. Ва бунда Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг хизмати катта», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, улар «қандай лавозимларда ишлашидан қатъий назар ҳақиқий дўстлар» ҳисобланишади.

«Биз доимо бир-биримизга нисбатан текис, ҳурмат билан ва эзгу муносабатда бўлганмиз, ва, албатта, биз буни жуда қадрлаймиз», — деди у. Шавкат Мирзиёев муносабатлар ишончли эканлигини ҳам қўшимча қилди.

Гурбангули Бердимуҳамедов ҳамкасбининг бошқа хусусиятларини ҳам эътироф этди.

«Биз меҳрибон қўшниларимиз, ажойиб ўзбек халқининг шундай узоқни кўзлайдиган, доно ва прагматик, шу билан бирга, биродар Ўзбекистонни ривожланишнинг янги марралари ва баландликларига етаклаётган замонавий етакчиси борлигидан фахрланамиз. Сизнинг олдингизда катта сиёсий кампания, воқеа турибди. Умид қиламизки, бизнинг тарихий қўшниларимиз, биродар ўзбек халқи Шавкат Миромоновичдек ўз юртининг лойиқ ва доно раҳбарини танлайди», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Ўз навбатида, Шавкат Мирзиёев «ташрифнинг муҳити»ни эътироф этиб, «иккала президентлар иродаси туфайли шундай натижаларга эришиш ва истиқбол учун жиддий ишлаш мумкинлигини» таъкидлади.

«Шундай қийин вақтда қўллаб-қувватлаш учун келганлиги ва ўз ҳамкасби ҳақида шундай самимий сўзларни айтганлиги учун биродарим Гурбангули Мяликгулиевичга чуқур миннатдорчилик изҳор этаман. Бу кўп нарсани англатади, бу ишончли ва дўстона муносабатлардан далолат беради», — деди президент.