Август ойида Олий таълим вазирлиги томонидан 2015 йил жорий этилган рейтинг тизимининг қанчалик адекватлиги тўғрисида мақола эълон қилгандик. Унда «Газета.uz» колумнисти, файласуф, социолог ва антрополог Валерий Хан Олий таълим вазирлиги ишлаб чиққан тизимни танқид қилган эди. Ушбу мақолада муаллиф ўқитувчилар меҳнатини баҳолайдиган рейтинг тизими қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўз фикрларини баён қилади.

Маълумотим бўйича файласуф бўлганим ҳамда сўнгги 25 йил давомида тарих, этнология, социология ва сиёсатшунослик соҳаларида профессионал фаолият олиб борганим сабабли ижтимоий фанлардаги илмий-педагогик меҳнатни баҳолаш ҳақида гапираман, табиий ва техник фанлар соҳаси бўйича эса ҳеч нарса деёлмайман. Шу билан бирга, илмий-педагогик меҳнатнинг умумийлиги туфайли, табиий ва техник фанлар бўйича рейтинг тизимини яратиш учун баъзи таклифлардан фойдаланиш мумкин.

Олий ўқув юртларида фан ва илмий-педагогик меҳнат ютуқларини баҳолаш нисбатан ёш фан бўлмиш «фаншунослик»нинг бир қисми ҳисобланади. У бир қатор фан соҳаларини ўз ичига олади — фан тарихи, фан фалсафаси, фан социологияси, фан методологияси ва мантиғи, фан иқтисодиёти, фан ижоди психологияси ва бошқалар.

Йигирманчи асрнинг иккинчи ярмида фаншунослик доирасида янги йўналиш — предмет соҳаси фан самарадорлиги ва илмий-педагогик меҳнат самарадорлигини баҳолашни ўз ичига оладиган, илмий маълумотни статистик ва миқдорий усуллар билан ўрганиш билан боғлиқ илмий фан — наукометрия ривожлана бошлади. Хирш индекси, журналнинг импакт фактори ва квартиллиги, иқтибос олиш индекси каби ўлчов кўрсаткичлари айнан наукометрия доирасида шакллантирилди.

Ушбу мақолада фақат илмий меҳнатни баҳолашга тўхталиб ўтаман. Дарсдаги маъруза ва амалий машғулотларни баҳолаш, ўқув-услубий қўлланмаларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот ва ўқув мажмуаси бир-биридан шу даражада фарқ қиладики, бу фаолият турларининг ҳар бири ўз рейтинг тизимига муҳтож.

Шу билан бирга, илмий меҳнатни баҳолашда таклиф қилинган (сифат ва миқдор) тамойиллардан ҳам ўқув, ҳам педагогик, ҳам ўқув-услубий, ҳам тарбиявий фаолиятни баҳолашда фойдаланиш мумкин.

Гуманитар фанлар соҳасида илмий ютуқларнинг марказида матн туради. Ньютонни ўқимасдан классик механикани, Евклидни ўқимасдан геометрияни билиш мумкин. Аммо Платон, Гегель ёки Фрейдни ўқимасдан туриб уларни тушуниб бўлмайди. Гуманитар фикрни, бу фикрларнинг теранлигини, нюансларини формулалар билан ифодалаб бўлмайди.

Илм-фан тарихида муайян бир соҳада турли хил маълумотлар тўпланиши билан, бу хилма-хиллик ҳар доим маълум бир фаннинг предмет соҳасидаги баъзи бир мавҳум (сифатли индивидуал ўзига хослигини йўқотган) атом, нисбатан бўлинмас бирлик, «ҳужайра» га қадар камайган.

Шундай қилиб, дунёдаги барча хилма-хил объектлар (сайёралар, тошлар, бинолар, одамлар, барча жонли ва жонсиз мавжудотлар) шакл, ҳид ва таъмга эга бўлмаган мавҳум идеал умумлаштирилган объект — жисм тушунчасига айланганида табиатшуносликнинг биринчи назарий соҳаси ҳисобланган классик механика пайдо бўлди.

Сиёсий иқтисодиётда бундай «ҳужайра» — товар, эволюция назариясида — тур, синтетик эволюция назариясида — популяция, генетикада — ген, цитологияда — ҳужайра, кимёда — кимёвий элемент, лексикологияда — сўз, мантиқда — тушунча, тизимлар назариясида — тизим, информатикада — бит тушунчасига айланди.

Белгиланган «ҳужайралар» индивидуал сифат хусусиятларидан маҳрумдир. Шундай қилиб, уларни таққослаш, ўлчаш ва математик тавсифлаш мумкин бўлди, бу спекулятив табиий фалсафадан қатъий фанга ўтишни англатарди.

Шундай қилиб, уларни математик жиҳатдан солиштириш, ўлчаш ва тасвирлаш мумкин бўлди. Бу эса мавҳум табиий фалсафадан қатъий фанга ўтишни англатар эди.

Шундай қилиб, классик механикада аниқ буюмларнинг жисмлари (от, поезд) сифат хусусиятлардан маҳрум бўлган расмий бирликлар вазифасини бажаради — А жисм ва Б жисм. Классик сиёсий иқтисодиётда эса айирбошлашдаги товарлар болта ва бўз вазифасини бажармайди (яъни истеъмол қадриятларига эга бўлган маҳсулот сифатида). Улар мавҳум 1-жисм ва 2-жисм бўлиб, иш вақтининг ижтимоий зарурий харажатларига асосланган муайян қийматга эга (тенг ёки тенг бўлмаган).

Илмий меҳнатни баҳолаш учун рейтинг тизимини тузишда бу меҳнатнинг ўлчаниши мумкин бўлган бирлигини ҳам ажратиб кўрсатиш зарур. Акс ҳолда, илмий ютуқларни умуман ўзаро таққослаб бўлмайди.

Ижтимоий-гуманитар фанларда бундай шартли бирлик маълум бир саҳифани ишлаб чиқариш учун баъзи руҳий ва жисмоний харажатларнинг эквиваленти (нархи) ҳисобланадиган 1 баллга тенг 1 саҳифали матн бўлиши мумкин. Шунда 2 саҳифали тезис 2 баллга, 12 саҳифали мақола — 12 баллга, 50 саҳифали брошюра — 50 баллга, 300 бетлик монография — 300 баллга тенг бўлади.

Шунда ҳаммаси ўз жойига тушади, Олий таълим вазирлигининг рейтинг тизимида бўлганидек 1−2 соат давомида ёзилган рефератлар учун 2 балл ва йиллар давомида ёзилган монография учун 3 балл берилиши каби ҳолат бўлмайди. Бундай баҳолаш тизими билан ўқитувчи монографияларга қараганда тезисларни топшириш орқали кўпроқ балл олади.

Бошқача қилиб айтганда, баллар сони саҳифалар сонига мутаносиб бўлиши керак. Бунда нашр этилган тезислар, мақолалар ва китоблар сони ҳам ҳисобга олиниши зарур. Шундай қилиб, баллар сони ўқитувчининг амалга оширган меҳнатининг шартли миқдорига мутаносиб бўлади.

Лекин кимдир яхши мақола ва ёмон китобнинг қийматини солиштира бошлаши мумкин. Тўғри, илмий меҳнат учун рейтинг тизимини тузишда бу меҳнатнинг нафақат миқдор баҳолари, балки сифат баҳолари ҳам қўлланилиши керак.

Ҳозирча гап бир балл қийматини баҳолашнинг математик (миқдорий) ёндашуви ҳақида кетаётган эди, уларсиз илмий ўлчов жараёнларини амалга оширишнинг иложи бўлмайди. Бу ҳолатда матннинг сифати баҳоланмайди.

Таққосланаётган маҳсулотларнинг (мақолалар, китоблар) сифатига келсак, уларни махсус киритилган ошириш/камайтириш коэффициентлари (нашр этилган жойи, тиражи, тарқалиши, қайта нашр этилиши, тақризлари, тақризчиларнинг нуфузи, иқтибос келтирилиши, илмий дунёда тан олинганлик даражаси, чет тилларига таржима, журналнинг рейтинги (агар гап мақола ҳақида кетаётган бўлса), шахсий нашр ёки ҳаммуаллифлик ва бошқалар) ҳисобига баҳолаш мумкин.

Албатта, бу параметрларнинг киритилиши уларни бошидан ишлаб чиқишни талаб қилади. Худди шундай тарзда, конференциялар ва грант лойиҳаларидаги иштирокни алоҳида баҳолаш мумкин.

Конференциялардаги иштирок

Бу кўрсаткич олий таълим вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган каби фақат маҳаллий ва хорижий илмий конференциялар ҳақида бўлмаслиги керак. Конференция сифатини баҳолашда унинг кўлами (университет ёки республика миқёсида, миллий семинар ёки минтақавий форум ёки жаҳон даражасидаги конгресс) ва жойлашуви (Чимкентда Марказий Осиё университетлари иштирокида ёки Нью-Йоркда жаҳон илмий ҳамжамияти етакчилари иштирокида) муҳим аҳамиятга эга.

Ва, албатта, ҳар бир конференцияни ҳисобга олиш керак: агар бир киши бешта конференцияда иштирок этган бўлса, у битта конференцияда қатнашган одам билан бир хил балл тўплаши мантиққа тўғри келмайди (бир хил типдаги конференциялар ҳақида гапираяпмиз).

Грант лойиҳаларида иштирок этиш ва бошқа кўрсаткичлар

Грант лойиҳаларида, айниқса, халқаро лойиҳаларда иштирок этиш яна бир муҳим кўрсаткич саналади. Бу кўрсаткич олимнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги обрўсидан далолат беради. Бу ерда грантни амалга ошириш муддати (қисқа муддатли (бир йилгача) ва кўп муддатли (уч йил ва ундан кўпроқ)), молиялаштириш ҳажми, қатнашчилар, донорлар ва бошқалар баҳолаш меъзони бўлиши мумкин.

Фанлараро соҳалардаги компетенциялар ҳам ҳисобга олинади. Масалан, агар тарихчи тарихий жараёнларда математик моделлаштиришдан фойдаланса, бундай янгиликни албатта қадрлаш керак.

Таълим сифати ва иш тажрибаси ҳам ҳисобга олиниши даркор. Масалан, дунёнинг энг яхши 30−40 олий ўқув юртлари рўйхатига киритилган ҳамда дипломи таълим сифатининг кафолати ҳисобланган Жанубий Кореядаги Сеул Миллий Университетининг битирувчиси энг нуфузли компанияда юқори маош олишига бемалол ишона олади. Бундан ташқари, нафақат диплом, балки таълим жараёнида олинган баҳолар ҳам ҳисобга олинади.

Бундан бир неча йил олдин ТОП-1000 олий ўқув юртларини тамомлаган ёки шу муассасаларда ишлаган чет эллик мутахассисларнинг иш ҳақи масаласи кўтарилган эди (нега фақат хорижий?). Ўзбекистонда кўплаб хорижий олий ўқув юртлари битирувчилари ва хорижий иш тажрибасига, шу жумладан нуфузли олий ўқув юртларида, эга бўлган мутахассислар мавжуд. Ишга қабул қилиш ва иш ҳақини белгилашда бу тўғри даражада ҳисобга олинганми?

Худди шу нарса тил билиш, амалиёт, халқаро ташкилотлар ва журналлар таҳририятига аъзолик учун ҳам амал қилади. Бу ерда ҳам сифат ва миқдор кўрсаткичлари ҳисобга олиниши керак.

Натижада, ошириш/камайтириш коэффициентларига (бу коэффициентлар турлича бўлиши керак) кўпайтирилган илмий фаолият турлари учун баллар йиғиндисига тенг формулага эришиш мумкин. Шу муносабат билан, рейтингни ишлаб чиқувчи жамоа таркибида математик билимга эга (математик, иқтисодчи ёки социолог), тегишли формулани ишлаб чиқадиган олимнинг бўлиши мақсадга мувофиқ.

Кимдир, бу жуда мураккаб, бунинг устида ишлашга арзийдими деб айтиши мумкиндир. Илм-фан энг муҳим ишлаб чиқарувчи кучга айлангани сабабли бутун дунёда олимнинг фойдали иш коэффициентини баҳолашни ишлаб чиқиш билан шуғулланишмоқда. Мамлакатнинг иқтисодий ҳолати олимнинг меҳнати қанчалик тўғри баҳоланиши ва мотивациянинг тегишли механизмлари яратилганига бевосита боғлиқ. Буни дарҳол амалга ошириш даркор!

Энг муҳими бу — мослаштирувдан қочиш. Мен аллақачон ўқитувчининг даромади икки қисмдан иборат бўлиши кераклиги тўғрисида ёзганман — давлат томонидан белгиланадиган асосий иш ҳақи (доимий) ва натижалар учун иш ҳақи (ўзгарувчан). Агар биринчиси даража, унвон, лавозимни ҳисобга олса, иккинчиси ютуқларни ҳисобга олади.

Илм-фан ривожланган мамлакатлар тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, уларнинг кўпчилигида ўқитувчилар 30−35 ёшда PhD даражасига эга бўлишади, илмий унвонлари эса бўлмайди. Уларнинг иш ҳақи миқдори ютуқлар билан боғлиқ бўлган лавозим билан боғлиқ. Жаҳон амалиётида бир хил илмий даражадаги олимлар илмий самарадорликни ифодаловчи индексларга қараб бир неча баробар фарқ қиладиган маош олишлари одатий ҳолга айланган.

Бизда даража, унвон, лавозимга иш ҳақининг боғлаб қўйилганлиги ўқитувчиларни илмий муаммолар ва уларнинг ечимлари билан эмас, балки ҳар қандай йўл билан юқорироқ даражадаги диплом олиш учун мусобақага киришишларига сабаб бўлади.

Бироқ бизнинг мамлакатда фан доктори илмий даражаси ва профессор илмий унвони «ақлнинг сифати» ва олимнинг фанга қўшган ҳиссасининг гарови эмас. Профессор билим даражаси бўйича бошқа хорижий университетларнинг магистр ва докторантларига бас кела олмаслиги ачинарли ҳолат.

Қандай қилиб олий таълим муассасаларини ўқитувчиларни телефон ёки таниш-билиш орқали эмас, балки профессионал хусусиятлари ва юқори самарадорлиги учун ишга олишдан манфаатдор қилиш мумкин? Масалан, Жанубий Кореяда бу масала қуйидагича ҳал қилинади. Университетларнинг рейтинг жадвалидаги ўрин учун кураши тўғридан-тўғри моддий манфаатларга боғлиқ: давлатдан субсидиялар олиш ва талабаларни қабул қилиш шунга бориб тақалади. Рейтинг жадвали юқорисида турган университетлар энг кўп субсидия олади. Бу кичкина пул эмас. Жадвалдаги юқори ўринларга эса фақат юқори самарадорликка эга бўлган профессионаллар билан эришиш мумкин.

Рейтингни турли йўллар билан сотиб олиб бўлмайди. Бундан ташқари, Жанубий Кореядаги аксарият университетлар хусусий ҳисобланиб, университетнинг моддий томони талабалар сонига бевосита боғлиқ. Шунга мувофиқ, талабалар яхши рейтингга эга бўлган олий ўқув юртларига киришга интилишади. Уларнинг келгусидаги бандлиги бунга бевосита боғлиқ. Шунинг учун университетлар энг яхши «миялар» учун доимий кураш олиб боришади.

Ҳар бир фан соҳаси ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, барча университетларни битта шаблон бўйича баҳолаш мақсадга мувофиқ эмас. Прогрессив тизимни жорий этишни истамаган университетларга келсак, улар жадвалнинг охирги қаторларини эгаллашади ҳамда ўзлари учун жуда муҳим ҳисобланган давлат субсидияларини қўлга кирита олишмайди. Ниҳоят, эртами-кечми, рақобат механизми ишлай бошлайди.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Валерий Хан — файласуф, тарихчи ва антрополог. Фалсафа фанлари номзоди (1986), доцент (1992). Ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти. Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги Стратегик ривожланишни режалаштириш маркази ректори ва директорининг маслаҳатчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институти директорининг ўринбосари, Янги тарих маркази бош мутахассиси сифатида фаолият олиб борган. Жанубий Кореянинг Хосо (1998−2000), Ханянг ва Сонкюнгван (2011) университетларида дарс берган. АҚШ ва Жанубий Кореянинг илғор универститетларида оммавий лекциялар билан чиқишлар қилган.