Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамаси муассислигида Болаларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус президент Шавкат Мирзиёевнинг 4 октябрь кунидаги қарори билан тасдиқланган.

Мазкур фонднинг вазифаларига оғир вазиятга тушган, ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни аниқлаш ва уларга манзилли ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш тадбирларини ташкил этиш ва молиялаштириш киради.

Фонд болаларнинг ҳаёти учун хавф солувчи оғир, сурункали ҳамда кам учрайдиган (орфан) касалликларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва уларни республикада ёки зарур ҳолларда хорижий давлатларда даволаш учун тиббий, ижтимоий ва молиявий ёрдам кўрсатишнинг қўшимча механизмларини жорий этишни ўзи зиммасига олади.

Шунингдек, фонднинг вазифаларига қуйидагилар киради:

  • жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болаларни таълим олишларида кўмаклашиш, шу жумладан, махсус ўқув адабиётлар ва ўқув қуроллари билан таъминлаш;
  • ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий мослаштириш, уларга қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунар ўргатиш ва уларни уй шароитида ўзини ўзи банд қилиши учун асбоб-ускуналар билан таъминлаш;
  • оғир ташхисли касалликлари бўлган болаларни парвариш қилаётган кам таъминланган оилаларни ҳомийликка олиш;

Фонд ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир, шу жумладан, уларга юқори технологик ихтисослашган реабилитацион тадбирларни ташкил этиш ва молиялаштириш билан шуғулланади.

Бундан ташқари, фонд орқали эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари ҳамда имконияти чекланган болаларни бепул дори воситалари, тиббий ва протез-ортопедик буюмлар билан таъминланади.

Болалар жамоат фонди бошқарувининг юқори органи унинг муассислари умумий йиғилиши ҳисобланиб, ушбу йиғилиш ҳар йили камида бир марта ўтказилади. Фонднинг Васийлик кенгаши Болалар жамоат фонди бошқарувининг умумий йиғилишлари оралиғидаги раҳбар органи бўлади.

Болалар жамоат фондининг асосий пул маблағлари савлат бюджети ҳисобидан 2021−2022 йилларда маблағларни амалда ўзлаштирилишига қараб 100 миллиард сўм миқдоридаги беғараз молиявий ёрдам, жисмоний ва юридик шахсларнинг ихтиёрий хайриялари, давлат, хорижий ва халқаро ташкилотлар, чет давлатлар ажратадиган грантлар, краудфандинг механизмлари орқали келиб тушган маблағлар, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар ва қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига шакллантирилади.