Ўзбекистон ва Туркманистон Афғонистон халқига ёрдам беришни давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакатлар президентлари Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов сешанба куни ОАВ вакиллари учун брифингда маълум қилишди.

Ўзбекистон президентининг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши минтақадаги хавфсизлик ва барқарорликка таъсир кўрсатади.

«Бизнинг мамлакатларимиз келгусида ҳам Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун афғон халқига ҳартомонлама ёрдам кўрсатишда давом этишга тайёр», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Афғонистон билан боғлиқ трансмиллий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича музокараларни давом эттириш бўйича режалар мавжудлигини ҳам қайд этди.

«Биз [Афғонистон билан амалга оширишни] режалаштирган йирик трансмиллий лойиҳаларимиз, қанчалик қийин бўлмасин, тўхтаб қолмаслиги учун, аксинча ривожланиб бориши учун музокараларни давом эттиришга келишдик. Чунки ушбу лойиҳалар келажакда Афғонистон иқтисодиёти олдинга катта қадам ташлаши учун ёрдам беради», — дея таъкидлади у.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Афғонистон бўйича диалог халқаро тузилмалар доирасида давом этишини қайд этди.

Туркманистон президенти «афғон муаммосининг принципиал масалалари» бўйича иккала мамлакатнинг ёндашувлари бир-бирига ўхшаш эканлигини таъкидлади.

«Туркманистон ва Ўзбекистоннинг афғон йўналишида бирга ишлаши ушбу мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нормаллашуви, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг тикланиши, унинг минтақавий ва дунё хўжалиги муносабатларига кенг жалб қилинишида фақатгина катта ёрдам бериши мумкин», — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Туркманистон президенти 4−5 октябрь кунлари Ўзбекистон расмий ташриф билан бўлиб турибди.

Гурбангули Бердимуҳамедов ўтган ҳафта ТАССга берган интервьюсида Туркманистон янги афғон ҳукумати билан яқиндан ишлашга тайёр эканлигини ва ушбу мамлакатдаги вазиятнинг нормаллушивга кўмаклашишга тайёр эканлигини таъкидлаган эди.

17 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Афғонистоннинг янги ҳукумати билан диалог қилишга чорлади ва хорижий банклардаги афғон активларини қайтаришни таклиф қилган эди. 21 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясининг 76-сессиясидаги чиқишида эса у «Афғонистонни яккалаб қўйиш мумкин эмас"лигини ва мамлакатни катта муаммолар билан ёлғиз қолдириш керакмаслигини таъкидлаган эди.