Кўксарой қароргоҳида Тошкентга ташриф буюрган Турманистон президентини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Сўнг президент Шавкат Мирзиёев Турманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов билан тор доирада учрашув ўтказди.

«Ҳар бир учрашувимиз тарихий аҳамиятга эга муҳим воқеадир. Барча эришилган келишувлар ҳаётга татбиқ этилди ва халқларимизга хизмат қилмоқда. Бугун шериклигимизнинг долзарб масалаларини батафсил муҳокама қилиш ва узоқ муддатли истиқболга янги „ўсиш нуқталарини“ белгилаб олиш учун яхши имконият бўлади. Сизнинг ташрифингиз минтақавий ва халқаро майдонда ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади», — деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Туркманистон президенти меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, икки давлат ўртасидаги муносабатлар юксак даражага етганини қайд этди.

«Ўзбекистон — бизнинг яқин қўшнимиз ва стратегик шеригимиз. Кейинги йилларда ҳамкорлик жадал ривожланиб бормоқда. Бу сиёсатда ҳам, савдо-иқтисодий соҳада ҳам, маданий-гуманитар соҳада ҳам ўз аксини топмоқда. Минтақавий ва халқаро масалаларда бир-биримизни қўллаб-қувватлаяпмиз. Чунки мақсадларимиз ҳамоҳанг», — деди Гурбангули Бердимуҳамедов.

Учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Иккала мамлакат ўртасида охирги тўрт йилда ўзаро савдо ҳажми уч баробарга кўпайиб, 400 миллион доллардан ошганлиги эътироф этилди. Жорий йил бошидан товар айирбошлаш яна 25 фоизга ортганлиги таъкидланди.

14 сентябрь куни бўлиб ўтган Икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 16-йиғилиши ҳамда 4 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми натижалари ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Икки мамлакатнинг, айниқса чегарадош ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорликнинг салоҳияти улкан экани алоҳида таъкидланди. Туркманистоннинг Лебап ва Дошоғуз вилоятлари раҳбарларининг шу йил 22 сентябрь куни Ўзбекистоннинг Бухоро ва Хоразм вилоятларига дўстлик ташрифлари бунга мисол. Президентлар бундай мунтазам учрашувлар икки мамлакат ва халқ ўртасида ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтишди.

Шунингдек, томонлар 13 сентябрь куни Тошкентда Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши муваффақиятли ўтказилганини мамнуният билан қайд этдилар.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов минтақа ва халқаро кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашишди. Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувларини мунтазам ўтказиш ҳамда жорий йил 6 август куни Авазада ўтказилган учрашувда эришилган келишувларни амалга ошириш муҳим экани таъкидланди.