Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида ҳокимлик назорати остида ва Маънавият бўлинмаси ташаббуси билан шаҳарда ўзбек тилини тарғиб қилиш бўйича «челленж»га старт берилди. Бу ҳақда 2 октябрь куни шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар берди.

Дўконлар, таълим муассасалари, жамоат транспорти ва бошқа жамоат жойларида ўзбек ва рус тилларида тез-тез қўлланиладиган сўзлар акс этган варақалар жойлаштирилди. Ўзбек тилидаги сўзга «яшил тасдиқ белгиси», унинг рус тилидаги таржимасига эса «қизил инкор» белгиси қўйилган.


Шаҳар ҳокимияти матбуот котиби Фаҳриддин Қодировнинг «Газета.uz»га тушунтиришича, шаҳар раҳбарияти ўзининг акциясида «Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинганлигининг (1989 йил 21 октябрь) 32 йиллиги муносабати билан «шунчаки тез-тез қўлланиладиган сўзларнинг таржимаси борлигини эслатмоқчи бўлган».

Унинг сўзларига кўра, ўзбек тилида қозоқ, қирғиз ёки рус тилларидан кириб келган кўплаб ўзлашма сўзлар мавжуд. Шу муносабат билан ҳам ушбу акция ўзбек тилидаги сўзлардан тўғри фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган.

«Масалан, ўзбек тилида „касса“ сўзидан кўп фойдаланишади, ўзи аслида ўзбек тилида „ғазна“ деб айтилади. „Спасибо“ ўрнига „раҳмат“, „пожалуйста“ ўрнига „илтимос“ деб айтилади. Агар ўзбек тилида гапириб туриб, русча қўшиб юборса Ўзбекистонда одамлар тушунаверади. Лекин, Россияда рус тилида гаплашиб туриб, ўзбек ёки инглиз тилини қўшиб юборсангиз, ташқаридан хунук кўринади», — деди у.


«Бу рус тилини чеклаш билан боғлиқ эмас. Агар кимдир рус тилида гаплашса, унда тўлиқ рус тилида гаплашиши керак, уни бузмаган ҳолатда. Масалан, мен рус тилини мукаммал яхши билмайман, шунинг учун унда гапирмасликка ҳаракат қиламан. Ўзбек тилини тушунмайдиган одамга тўғри келиб қолсам, ноилож рус тилида гапиравераман. Икки нафар ўзбек тилида сўзлашувчилар гаплашиб қолса, улар тўғри ва соф ўзбек тилини қўллашлари керак», — деди ҳокимлик вакили.

Июлда Ўзбекистон Ҳукумати лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтишни тезлаштириш бўйича топшириқ берган эди. 1 августга қадар давлат органлари барча кўчалар, пешлавҳалар ва турли блакларнинг лотин ёзувида бўлишини таъминлаши керак. Ўша ойнинг ўзида Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида беш ойда 1000 дан ортиқ пешлавҳа, реклама ва эълонлар давлат тилига таржима қилингани маълум бўлди.