2021 йил 4 октабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-туркман форуми доирасида «Ўзавтосаноат» ва «Turkmenistan-Motors» ўртасида Туркманистон ҳудудида автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича меморандум имзоланди. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» матбуот хизмати хабар берди.

Хабарга кўра, меморандум доирасида «Turkmenistan-Motors» АЖ ишлаб чиқариш объектларида UzAuto Motors автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиш режалаштирилган. Шунингдек, Туркманистон ҳудудида автомобиль компонентларини ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, компаниялар «Ўзавтосаноат» тизимидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бошқа пикаплар, юк машиналари ва автобуслар, қишлоқ хўжалиги ва тиркамалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга келишиб олди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов «Газета.uz»га берган интервьюсида гап йилига 5 мингта автомобиль ишлаб чиқариш ҳақида кетаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу лойиҳанинг инвестициялар ҳажми 10 млн долларни ташкил қилади.

«Turkmenistan-Motors» бош директори Фуркад Айдашев «Курсив»га берган интервьюсида, корхона биринчи йилда 10 минг донагача қишлоқ хўжалиги техникаси ва тиркамаларини ишлаб чиқаришни режалаштирган ҳамда 4−5 йил ичида ушбу кўрсаткич йилига 50 минг донагача етиши кутилмоқда.

Ушбу меморандумда кўзда тутилган масалалар Туркманистонда янги иш ўринларини яратиш, ЯИМ таркибида саноат улушини кўпайтириш, экспорт бозорларига чиқиш, аҳолини халқаро сифатли автомобиллар билан таъминлаш учун хизмат қилиши таъкидланди.

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида мамлакатлар автомобиллар, электр жиҳозлари, қурилиш материалларини йиғиш ва туризм соҳасида кластерлар яратиш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди. Туркманистон томони ўзбек товарларини 300 миллион долларга сотиб олишни режалаштирмоқда ҳамда «Туркманбоши» денгиз портининг инфратузилмасини таклиф қилмоқда.

Олдинроқ Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 23 та ҳужжат имзолангани ҳақида хабар берилган эди. Улар доирасида Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини тартибга солиш тўғрисида битим тузилган.

Шунингдек, икки давлат ўртасида божхона чегарасидан ўтаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги дастлабки маълумотлар алмашишни ташкил этиш тўғрисидаги баённома ҳам имзоланди.