Адлия вазири Русланбек Давлетов Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишида белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун 5 та давлат дастури (2017−2021) қабул қилиниб, 114 трлн сўм ва салкам 31 млрд АҚШ доллари йўналтирилганини маълум қилди.

Бу ҳақда у айни вақтда бўлиб ўтаётган «Ўзбекистон: беш йил ичидаги жадал ислоҳотлар» халқаро анжуманида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Вазир шунингдек, сўнгги 5 йилда қанча қонун, президент қарор ва фармонлари ҳамда ҳукумат қабул қилинганини ҳам маълум қилди.

«Ўтган даврда Ҳаракатлар стратегиясини рўёбга чиқариш учун 311 та қонун, 2000 га яқин Ўзбекистон президентининг фармон ва қарорлари ҳамда 3000 дан зиёд Ҳукумат қарорлари қабул қилинди», — деди Русланбек Давлетов.

Ҳисобот даврида давлат органларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга қаратилган 3 та муҳим қонун қабул қилингани таъкидланди.

Шунингдек, Давлат хизматлари агентлиги ҳамда давлат хизматлари марказлари ва уларнинг 115 та филиаллари ташкил этилиб, улар орқали бир йилда ўртача 12 млн хизмат кўрсатилмоқда. Давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида — Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.

Электрон ҳукумат тизимини такомиллаштириш, бошқарув жараёнларини рақамлаштириш ва ушбу соҳада узоқ муддатга мўлжалланган кенг кўламли чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси қабул қилинди.

Давлат-ҳокимият ваколатлари берилган ва самарасиз деб топилган 110 та идоралараро коллегиал органларнинг фаолияти тугатилди.

Ўтган давр мобайнида «Очиқ бюджет» портали ишга туширилди ва у орқали ҳозирга қадар 12 мингдан ортиқ маълумотлар очиқланган.

Анжуманда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан қабул қилинадиган қарорларни ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон тизими («E-qaror») жорий қилингани ҳам қайд этилди.