Сенат бир қатор қонунларни кўриб чиқади

28−29 май кунлари Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади. Ушбу мажлисда Сенат транспорт тўғрисидаги қонун, Сайлов кодексига ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар, 2030 йилгача гендер тенглиги стратегияси тўғрисидаги масалани кўриб чиқади ва ҳукуматнинг давлат буджети ижроси тўғрисидаги ҳисобот эшитилади.

Тошкент вилоятида бир ярим минг гектардан ортиқ ер ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

Тошкент вилоятида 9 минг 614 та ҳолатда 1618 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди. Бундан ташқари, ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишидан олдин етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмагани қайд этилди.

Ўзбекистонда сотуви тўхтатилган Equinox автомобиллари Қозоғистонда сотувга чиқарилди

Қозоғистонда Chevrolet Equinox автомобиллари 3 490 000 тенге (331 млн сўм атрофида) нархида сотилмоқда. UzAuto Motors сайтида эълон қилинган нархларга кўра, Ўзбекистонда автомобил нархи 414 млн сўмга тенг деб белгиланган.

COVID-19 га қарши 1,2 миллиондан ортиқ киши эмланди

Ўзбекистонда коронавирусга қарши 1-босқичда эмланганлар 1 212 597 нафарни, 2-босқичда эмланганлар 470 519 нафарни ташкил қилмоқда. Эмлаш кўрсаткичлари бўйича юқори ўринларни Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятлари қайд қилмоқда.

Самарқандда мактаб-интернати тарбияланувчилари калтаклангани ҳақидаги хабар ҳокимлик ва сенат томонидан ўрганилади

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоятидаги 63-сонли махсус мактаб-интернатининг тарбияланувчилари юз-кўзлари кўкаргани акс этган сурат ва хабарлар тарқалди. Ҳолат ҳокимлик томонидан ўрганилмоқда, Сенат томонидан назоратга олинди.

Нурафшон ИИБ бошлиғи автоҳалокатда вафот этди

Нурафшон шаҳар ИИБ бошлиғи, подполковник Наврўз Омонбоев вафот этди. Подполковник «Кучлик» нефт база яқинида автоҳалокатга учраган.

Самарқандда 50 минг доллар ва машина эвазига ноқонуний ер сотаётган шахслар ушланди

Оқдарё туманида 1 гектар ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига 50 минг доллар ва Nexia-3 автомашинаси талаб қилган масъул шахслар қўлга олинган. Шунингдек, Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Самарқанд ва Пайариқ туманларида ҳам ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

«2021 йил ҳисобидан ҳали бирорта маҳкум коронавирусга чалингани йўқ» — ИИВ вакили

Омбудсман Феруза Эшматова бошчилигидаги экспертлик гуруҳи 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага борди. Унга ҳамроҳлик қилган ИИВ Жазони ижро этиш департамени тиббий бўлими бошлиғи Баҳодир Юсуповнинг айтишича, қамоқхоналарда йил бошидан бери COVID-19`га чалиниш ҳолатлари қайд этилмаган.

Шаҳрисабзда масжид ҳовлисида айвон қурилиши нима сабабдан тўхтатилгани маълум қилинди

Шаҳрисабз шаҳридаги Ҳазрати Имом масжиди ҳовлисида намоз ўқиш айвонининг қурилиши тўхтатилди. Бунга қурилиш ҳақида тегишли ташкилотлар огоҳлантирилмаганлиги сабаб бўлган. Мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили айвон биноси ҳудуддаги тарихий обидаларга ҳеч қандай зарар етказмаслигини таъкидлади.

«Муродбой иши» бўйича суд залида юз берган тартибсизлик юзасидан ИИВ изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Янгийўл шаҳар суди мажлислар залида судланувчилар қўлларини кесиб, тартибсизликни юзага келтиргани акс этган видео тарқалди. ИИВ маҳбуслар лезвия бўлаклари билан ўзларига тан жароҳати етказгани, ноўрин талабларни қўйиб, ички ишлар ходимларининг қонуний талабларини бажармаганини маълум қилди. Вилоят ИИББ эса воқеанинг келиб чиқиш сабабларини ўрганмоқда.

МИБ ходими икки йилда 596 млн сўмни ўзлаштириб юборгани маълум бўлди

Тошкентда МИБ ходими икки йил ичида депозит ҳисобварағига келиб тушган 596 млн сўмдан кўпроқ пулни талон торож қилгани айтилмоқда. У буни электрон тўлов топшириқномаларига сохта маълумотларни киритиш йўли билан амалга оширган. Судланувчига 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Собиқ меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига мурожаати бўйича тўлиқ тушунтириш берилган эди — Вазирлар маҳкамаси ходими

Вазирлар маҳкамаси масъул ходими мурожаат билан келган собиқ меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига масала ҳал қилиниши бўйича тушунтириш берилганлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мурожаатчилар ҳар бирига 100 млн сўмдан пул тўлаб берилмаса, уйларига қайтмасликларини айтиб шарт қўйган. Ҳукумат аппарати ходими воқеа Вазирлар маҳкамаси биносида эмас, бинонинг олдида, фуқаролар қабул қилинадиган ҳудудда содир бўлганлигини маълум қилди.