Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги фермер хўжалиги раиси туман ҳокимлигида бош мутахассис лавозимида ишловчи қариндоши билан ўзаро келишган ҳолда ноқонуний йўл билан ер сотаётган вақтида ушланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Оқдарё тумани ҳокимлигида бош мутахассис лавозимида ишловчи шахс ўзи раҳбарлик қилаётган фермер хўжалигига қарашли суғориладиган 1 гектар ер майдонини ҳокимлик захирасига қайтариб, сўнгра уни иссиқхона ташкил қилмоқчи бўлган Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро номига расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 50 минг доллар ва Nexia-3 автомашинаси талаб қилишади.

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ходимларининг вилоят прокуратураси ҳамда ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирида ушбу шахслар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Самарқанд вилоятининг бир қатор туманларида ноқонуний ер сотиш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланди.

Пастдарғом туманида

Пастдарғом туманида давлат солиқ инспекцияси инспектори чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари билан ўзаро келишган ҳолда, ушбу фермер хўжалигига қарашли 15 гектар ер майдонини бошқа бир фуқарога интенсив боғ ташкил этиши учун туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига, ундан 13 минг доллар талаб қилишган.

Ўтказилган тезкор тадбирда улар сўралган пулни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Самарқанд туманида

Самарқанд туманида яшовчи 2 нафар фуқаро ўзлари ижара асосида фойдаланиб келаётган, ҳокимият балансида бўлган тоғли ҳудуддаги 3 гектар яйлов ер майдонини маҳаллий фуқарога 30 минг долларга сотишни режалаштириб, туман ҳокимлигидаги танишлари орқали харидор номига расмийлаштириб беришни ваъда қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбирда ушбу шахслар сўралган пулдан 12,5 минг долларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Пайариқ туманида

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани ғалла ва пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги раҳбари маҳаллий тадбиркорнинг ишончига кириб, унга интенсив боғ ташкил этиши учун туман ҳокимлигида раҳбарлик лавозимларида ишловчи танишлари орқали 30 гектар ер майдони олиб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 15 минг доллар сўрайди.

Ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пулнинг 7,5 минг долларини олган вақтида ушланди.

Пайариқ туманида кузатилган яна бир ҳолатда фермер хўжалиги раҳбари мазкур хўжаликнинг суғориладиган 1 гектар ер майдонини паррандачилик билан шуғулланмоқчи бўлган фуқарога 15 минг долларга сотишга келишади ва ҳокимият тизимидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб беришни ваъда қилади.

Фермер хўжалиги раҳбари сўралган пулдан аванс сифатида 4 минг доллар олган вақтида ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Департаментнинг ҳудудий бошқармаси ходимлари томонидан қўлга олинди.

Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.