28−29 май кунлари Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлиси бўлиб ўтади, дея хабар бермоқдапарламент юқори палатаси матбуот хизмати. Ушбу қарор Сенат Кенгаши томонидан 25 май куни бўлиб ўтган йиғилишда қабул қилинди.

Бўлиб ўтадиган ялпи мажлисда «Транспорт тўғрисида» ги, «Қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Республикаси маданият ва санъат ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги, «Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги ва бошқа қатор қонунлар муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси тўғрисидаги масала кўрилади ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети 2020 йил ва 2021 йил биринчи чораги якуни бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни эшитилади.

Ялпи мажлисда таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда коронавирус пандемиясидан кейин туризмни тиклаш ва ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўровлари юбориш, шунингдек, бошқа масалалар кўриб чиқилиши ҳам кўзда тутилган.