Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ташаббуси билан бюронинг Тошкент шаҳар бошқармаси тизимида 2019 йил январь ойида текшириш ишлари олиб борилган.

Ўрганишлар натижасида бошқарманинг молия-хўжалик бўлими Депозит ҳисоб варақалари билан ишлаш гуруҳи Бектемир тумани бўйича етакчи мутахассиси М.У. икки йил мобайнида депозит ҳисобварағига келиб тушган жами 586,4 млн сўмни ўзининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан 2019 йил 12 февраль куни ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Бектемир тумани прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилиб, иш айблов хулосаси билан судга юборилган.

Иш ҳужжатларига кўра, судланувчи М.У. 2017 йилнинг январь ойидан 2019 йил февралига қадар жами 47 та ҳолатда суд ижро варақалари асосида келиб тушган пул маблағларини ўзлаштирган.

У буни ўзига бириктирилган ва жавобгарлигида бўлган электрон калит ёрдамида АТБ Инфин банк Сергели филиали ва АТИБ Ипотека банк Яшнобод филиалининг «E-bank» тизимига уланиб, электрон тўлов топшириқномаларига суд ижро ҳужжатлари асосида сохта маълумотлар киритиш йўли билан амалга оширган. Судланувчи 596 млн 782 минг сўмни турли фуқароларнинг номига расмийлаштирилган банк пластик карталари ҳисобига ўтказгани айтилмоқда.

Якунда ЖИБ Бектемир тумани судининг 2019 йил 5 июлдаги ҳукмига кўра, М.У. ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса) ва 209-моддаси 2-қисми «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги) билан айбдор деб топилган.

Унга 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда, 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Жиноят оқибатида етказилган 596,7 млн сўм зарар тўлиқ қопланган.