Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган Ҳазрати Имом масжиди ҳовлисида намоз ўқиш айвони огоҳлантирилмасдан қурилаётгани учун тўхтатилди. Маданий мерос департаментига кўра, бу қурилиш бирор ҳужжат, лойиҳасиз олиб борилган. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбирига Маданий мерос депортаменти бошқарма бошлиғи ўринбосари Aлибек Расулов маълум қилди.

Таъкидланишича, департамент Шаҳрисабз шаҳрининг регенерация лойиҳасини ишлаш мақсадида май ойида хорижлик экспертлар билан ташриф амалга оширилган. Ташрифдан мақсад, Шаҳрисабз тарихий марказини регенерация қилиш ҳамда Кўк гумбаз масжидини таъмирлаш лойиҳасини ишлаб чиқиш бўлган.

«Ҳазрати имом масжидида олиб борилаётган айвон қурилиши вақтида бориб қолдик. Мазкур қурилиш юзасидан масжид масъул ходимларидан бирор ҳужжат, лойиҳа бор-йўқлигини сўраганимизда, бирор ҳужжат ёки лойиҳа таклиф этишмади. Бу ҳолат хорижлик экспертлар олдида биз учун ноқулайликка сабаб бўлди. Биз бу айвон қурилиш ҳолатини тўхтатдик. Масжиднинг масъул ходимларидан кейинги кунларда баъзи қисмларини бузишни сўрадик», — дейди Aлибек Расулов.

Маълум қилинишича, қурилиш ишлар департаментни огоҳлантирмасдан қилинган. Шунингдек, Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси Шаҳрисабз тарихий маркази масъул ходимини ҳам огоҳлантирилмасдан, ишлар олиб борилган.

«Маданий мерос — халқники. Биз уларни келажак авлодга бус-бутун етказишимиз керак. Бўлаётган қурилиш ишлари меросга қандайдир таъсир қилиши мумкин. Унинг қайсидир қисми бузилишининг олдини олиш мақсадида биз қурилишни тўхтатдик», — дейди департамент бошқарма бошлиғи ўринбосари.


Қайд этилишича, айвон қурилиши намоз ўқиш учун келадиган инсонларга қулайлик туғдириш мақсадида қилинган. «Лекин барча нарсада хат-ҳужжат деган нарсалар бор. У қурилиш масжид ҳовлисида бўлган. Унда бетон конструкциялардан фойдаланган. Экспертлар билан юрганимизда улар маданий меросларда ҳеч қачон бетон, цемент конструкциялар ишлатилмаслигини эътироф этишган», — дея қўшимча қилади у.

«Газета.uz» сўровига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакили, вилоят бош имом хатиби Р. Усмонов ҳолат юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилда Ҳазрати Имом жомеь масжиди ҳовлисининг бир қисмида, масжиднинг шарқ тарафида ҳашар йўли билан бўйи 27 метр, эни 12 метр бўлган бўлган замонавий айвон қурилиши режалаштирилган. Ушбу янгидан қурилаётган айвон мазкур ҳудудда жойлашган Жаҳонгир Мирзо мақбарасидан 50 метр узоқликда, Ҳазрати Имом тарихий масжиди биносидан 25 метр узоқликда жойлашган.


«Мазкур айвон биноси ушбу ҳудудда жойлашган тарихий обидалардан маълум даражада узоқликда жойлашганлиги сабабли ушбу обидаларга ҳеч қандай зарар етказмайди», — дейилади маълумотномада.

Қайд этилишича, ушбу айвонни Ҳазрати Имом жомеь масжиди хонақоҳи 250 нафар, айвони 150 нафар, жами 400 нафар намозхон сиғимига эгалиги ва ушбу миқдор бироз торлик қилаётганлиги учун ҳамда намозхонларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қуриш режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакилии ўринбосари Муҳаммад Қораев «Газета.uz»га айвон қурилиши тўхтатилганини тасдиқлади.