26 май куни Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) Феруза Эшматова бошчилигидаги экспертлик гуруҳи Тошкент шаҳридаги 23-сон маҳкумларга мўлжалланган ихтисослашган касалхонага ташриф буюрди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Республикада ягона бўлган мазкур шифохонада умумий, қаттиқ, махсус тартибли колониялардаги барча эркак маҳкумлар, умрбод қамалганлар ҳам даволанади. Аёл маҳкумалар эса касаллик тоифасига кўра, ССВ тизимидаги шифохоналарда, махсус қўриқлов асосида тиббий хизматдан фойдаланишади.

Мониторинг ўтказиш вақтида омбудсманга ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тиббий бўлими бошлиғи, полковник Баҳодир Юсупов ҳамроҳлик қилди. У 2020 йилнинг пандемия сабаб қамоқхоналарда ҳам эпидемиологик вазият кескинлашганини, шу боис жазони ижро этиш муассасалари учун алоҳида лаборатория ташкил этилганини қайд этди.


«Шу ПЗР лабораториясини 2020 йилнинг 20 августида ишга туширдик. 28 кунда қуриб битказилди. Ҳозирги кунда бутун қамоқхона тизими — вилоятлардан олиб келинса ҳам шу ерда текширувдан ўтказилади. Сақлаш учун музлаткичлар ҳам ўрнатилган. 10 нафар тиббёт ходими бор», — деди полковник.

Унинг қўшимча қилишича, ушбу лаборатория учинчи ва тўртинчи даражали ўта юқумли касалликларни аниқлашга мўлжалланган. «Ҳозирги пайтда бу нафақат ПЗРни балки, Гепатит Б, С, Д, сифилис, ОИТСни ҳам аниқланаяпти. Қолаверса, иммуноглобулин М (IgM) и G (IgG)ларни ҳам текшираяпти», — дея сўзлаб берди Баҳодир Юсупов.

Ташриф давомида полковник бу йили қамоқхоналарда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш ҳолатлари кузатилмаганини маълум қилди.

«Ўзбекистондаги жазони ижро этиш муассасаларида бу йил ҳисобидан ҳали бирорта маҳкум коронавирусга чалингани йўқ. АОКАда ўтказилган анжуманда 2020 йили умумий маҳкумларнинг 9 фоизи касалланганини айтган эдим. Ўтган йили коронавирус оқибатида битта ҳам ўлим юз бермади», — деди у.


Республиканинг жазони ижро этиш муассасаларидаги барча маҳкумлардан COVID-19`га таҳлиллар олиниб, текшириб турилгани айтилди.

«Сурхондарё, Хоразм, Қорақалпоғистондаги муассасалар жуда ҳам узоқ — масофа 1000 кмдан ортиқ. Улардан таҳлилни олиб, Тошкентга келтириб, текшириш ўзини оқламайди. Улар ўзини ҳудудидаги соғлиқни сақлаш тизимидаги лабораторияларга олиб боради. Қолган вилоятларни ҳаммаси Тошкентга олиб келади ва таҳлиллар текширувдан ўтказилади», — деди Баҳодир Юсупов.

2021 йил январь ойи охирида ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармаси вакили Жамшид Султонов Ўзбекистонда жами 27,5 минг маҳкум жазо ўтаётганини маълум қилган эди. Бундан ташқари, пробация назоратида 57 минг 36 нафар шахс назорат тургани ҳам очиқланганди.