Ижтимоий тармоқларда ЖИБ Янгийўл шаҳар судининг мажлислар залида судланувчилар қўлларини жароҳатлагани акс этган видео лавҳалар тарқалди.

ИИВ ахборот хизматининг изоҳ беришича, 25 май куни ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (Фирибгарлик хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса) ва бошқа моддаларида кўрсатилган жиноятларни содир этгани учун озодликдан маҳрум этилган ва айни вақтда 1-сон Тергов ҳибсхонасида сақланаётган маҳбуслар:

  • М.Юнусалиев (1984 й.т., 9 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда),
  • Ғ.Муроджонов (1987 й.т. 7 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 27.04.2019 йилдан қамоқда),
  • А.Қудратов (1980 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда),
  • Э.Шарипов (1987 й.т., 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда),
  • С.Юлчиев (1989 й.т., 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган ва 07.10.2019 йилдан қамоқда)

Жиноят ишлари бўйича Янгийўл шаҳар судининг 25 май кунидаги сўровномасига асосан бошқа жиноят иши бўйича судга юборилган.

Қайд этилишича, суд жараёни давомида соат 15:30 ларда, М.Юнусалиев, Ғ.Муроджонов ва А.Қудратовлар суд томонидан қўйилган айбловлардан норозиликларини билдириб, қўлларидаги лезвия бўлаклари билан ўзларига тан жароҳати етказган ва турли ноўрин талабларни қўйиб, ИИО ходимларининг қонуний талабларини бажармаган.

«Махбусларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган ва улар шу куни соат 20:00 ларда 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб бориб топширилган», — дейилади хабарда.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ҳам муносабат билдирди. Унда таъкидланишича, «мазкур воқеанинг сабаби, уларнинг пул ва моддий бойликлари ИИО ходимлари томонидан олиб қўйилган деган хабарлар мутлақо асоссиз».

«Ҳозирда бу ҳолат тўлиқ назоратга олинган, воқеанинг келиб чиқиши, сабаблари ўрганилмоқда. Натижаси юзасидан батафсил маълумот берилади», — дейилади вилоят ИИББ хабарида.

«Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, маҳбуслар Муродбой номи билан танилган Мирзамурод Юнусалиев ишига алоқадорлиги юзасидан судга чақирилган. У 2015 йилга қадар чинозлик Аҳмадбойнинг ёрдамчиларидан бири бўлгани айтилмоқда.

Kun.uz маълумотига кўра, юқорида қайд этилган фуқаролар 2020 йилнинг августида «Муродбой иши» — Мирзамурода Юнусалиева — доирасида ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «а» ва «в» бандлари, 228-моддаси 3-қисми ва 243 моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Жиноят иши материалларига кўра, тергов ҳаракатлари давомида М.Юнусалиев 2016 йил январь ойида «ERKIN AVTO DILLER» МЧЖ замирида «молиявий пирамида» ташкил этиб, бу ишга ўзининг ўнга яқин жиноий шерикларини жалб қилгани, улар ёрдамида 6636 та ҳолатда 4000 нафарга яқин фуқаронинг 26 млн 870 минг 51 АҚШ доллари ва 18 млрд сўм миқдордаги пул ва бошқа мол-мулкларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритгани аниқланган.

Жиноят иши бўйича қарийб 8 млрд сўмлик 18 та кўчмас мулк объектлари (уй, чойхона, дўкон биноси, нотурар бино ва иншоотлар) хатланган. Фуқароларга тегишли 85 та енгил автомашиналар ашёвий далил тариқасида олинган. Ушбу автомашиналарнинг барчаси белгиланган тартибда баҳоланиб, ўз эгаларига қайтарилган.