25 май куни Вазирлар Маҳкамаси ҳудуди олдида меҳрибонлик уйларининг собиқ тарбияланувчиларига ички ишлар ходимлари томонидан куч ишлатилгани айтилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Вазирлар маҳкамаси ушбу воқеа тафсилотлари бўйича «Газета.uz»га изоҳ берди.

Маълумотга кўра, Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳридаги Қорасув массивида истиқомат қилувчи Наргиза Жўрақулова ва 7 нафар фуқаролар (собиқ меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари) Олий Мажлиси Сенатига мурожаат қилиб келишган. Фуқаролар масалаларини кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамаси биноси олдига таклиф этилган.

Вазирлар маҳкамаси аппарати ходими Ш. Салиевнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, пандемия давридаги эпидемиологик-санитария шароитлари сабабли, фуқароларнинг қабули ҳукумат биносида эмас, бино ташқарсида, Вазирлар маҳкамаси ҳудуди олдида амалга оширилади.

Қабул жараёнида фуқаролар томонидан Ўзбекистон Миллий банкидан уй-жой сотиб олиш учун олинган ипотека кредитларини тўлай олмасликлари сабабли тўлов фоизларини камайтириб бериш ҳамда муддати ўтказиб юборилган қарздорликни қоплаш тўғрисидаги масалалар кўтарилган.

Ҳукуматнинг масъул ходимлари фуқароларга ушбу масалаларнинг ечими бўйича ҳозирда Марказий банк ҳамда Молия вазирлиги томонидан ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиб, вазирлик ва идоралар билан келишиш жараёнида эканлиги бўйича тушунтириш берган.

Вазирлар маҳкамаси ходимларининг таъкидлашича, фуқаролар қабул жараёнида масалалар бўйича берилган тушунтиришлардан қониқиш ҳосил қилган.

Шундан сўнг, мурожаатчилар масала ҳал бўлмагунча Вазирлар Маҳкамаси ҳудудини тарк этмаслигини, вилоятга қайтиб борса вилоят ҳамда шаҳар ҳокимликлари уларга ёрдам кўрсатмаслигини таъкидлаган. Собиқ меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари Вазирлар Маҳкамаси уларнинг ҳар бирига 100 млн сўмдан пул тўлаб бермаса, Самарқанд вилоятига қайтиб кетмаслиги ҳақида шарт қўйганлиги айтилмоқда.

Қабул давомида Наргиза Жўрақулова воқеаларни мобил телефонига тасвирга олишни бошлаган. Вазирлар маҳкамаси масъул ходими Ш. Салиевнинг маълум қилишича, фуқарога тегишли ҳужжатни тасвирга туширишга рухсат берилмаганлигидан сўнг, Н.Жўрақулова видеога олишни бошлаган. Ваҳоланки, Жўрақулова видеога олиш учун рухсат сўрамаган, дея таъкидлайди ҳукумат аппарати ходими.

Наргиза Жўрақулова рухсатсиз видеога олишни бошлаганида ҳудудга хизмат бўйича бириктирилган ИИВ ходимлари унга тасвирга олиш мумкин эмаслиги, бу стратегик объект эканлигини тушунтириб, огоҳлантириш беришади. Жўрақулова огоҳлантиришга қарамасдан тасвирга олишда давом этади.

Унинг ушбу ҳаракатини тўхтатиш мақсадида фуқаролик кийимида бўлган ИИВ ходими, майор А.Халилов Жўрақулованинг қўлидан мобил телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилади. Шунда Жўрақулова ИИВ ходимининг қўлига ёпишиб, қўлларини тирнаб, тишлашга уриниб, унга тан жароҳати етказади, дея таъкидлайди Вазирлар маҳкамаси ходими.

Ушбу тортишувга Жўрақулова билан бирга келганлар ҳам аралашганда, воқеа жойида бўлган ИИВ ходимлари уларни ажратишни бошлайди.

Тортишув биринчи маротаба бартараф этилгач, мурожаатчилар тинчлантирилиб, ҳукумат ходимлари уларга тушунтиришни давом эттирмоқчи бўлганида Н.Жўрақулова яна телефонига тасвирга олишни бошлайди. ИИВ ходимлари иккинчи маротаба унинг телефонини тортиб олмоқчи бўлишганида, яна тортишувлар бошланиб кетади.

Вазирлар маҳкамаси ходимининг айтишича, Н.Жўрақуловани ички ишлар ходими ерга йиқитмаган, судрамаган, аксинча фуқаронинг ўзи ерга ётиб олиб, оёқлари билан уни олиб кетмоқчи бўлганларни тепган.

Шунингдек, Ш. Салиев мурожаатчилар билан бирга келган ҳомиладор аёл, М.Тошқуловани ҳеч ким итармаганлигини, унга қулайлик учун стул тақдим этилганлигини айтмоқда. М. Тошқулова ерга ўзи ўтириб олганида эса Вазирлар маҳкамасидаги навбатчи тиббиёт ходимлари унга ёрдам беришган, шундан сўнг тез тиббий ёрдам чақирилиб, у турмуш ўртоғи билан Тошкент тиббий академиясининг клиник касалхонасига кўрик учун юборилган.

Ҳолат кескинлашиб кетишини олдини олиш мақсадида ички ишлар ходимлари томонидан эҳтиёт чоралари кўрилган ҳолда Н.Жўрақулова ва тортишувга аралашган яна 5 нафар фуқаролар Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБга олиб кетилган.

Ички ишлар ходимларидан бири нега фуқаролик кийимида бўлганлиги бўйича ҳам Вазирлар маҳкамаси ходими изоҳ берди. «Вазирлар маҳкамаси ҳудуди олдида бир гуруҳ фуқаролар йиғилса, хавфсизликни таъминлаш мақсадида ички ишлар ходимлари навбатчиликда бўлади», — дейди у.

Фуқароларнинг ИИО биносида 10 соатгача ушлаб турилишига суриштирув ишлари амалга оширилиши, ҳодиса иштирокчиларига тиббий хулосалар олиниши, улардан тушунтириш хатлари ва кўрсатмалар олиниши хамда бошқа расмийлаштириш ишлари сабаб бўлганлиги қайд этилади.

Вазирлар маҳкамаси ходимининг таъкидлашича, меҳрибонлик уйлари собиқ тарбияланувчиларининг ИИО ФМБ биносида уларга овқат берилмаганлиги ҳақидаги иддаоси ҳам ҳақиқатга яқин эмас. «Уларга ички ишлар ходимлари сомса олиб берган. Кейин ИИО биносидан биринчи қўйиб юборилган фуқаролар бошқаларга юборган овқат, сендвичлар уларга етказилган», дейди у.

Вазирлар маҳкамаси ходимлари мурожаатчиларга нисбатан ҳақоратомуз сўзлар ишлатилмаганлигини таъкидлашди. Хусусан, фуқароларга нисбатан «Сенлар етимсанлар. Етимларга қанча берсанг, шунча тўймайди, ношукурсанлар» деган сўзлар ишлатилмаганлиги айтилмоқда.

Маълумотга кўра, ушбу ҳолат Вазирлар Маҳкамаси биносининг ташқи томонига Ички ишлар идоралари томонидан ўрнатилган видеокамераларга тасвирга туширилган, ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ҳолат юзасидан расмийлаштирилган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судига тақдим этиш учун тайёрланган.