Исроил мудофаа кучлари Ғазо сектори жанубидан қуруқликдаги қўшинларни олиб чиқиб кетаётганини эълон қилди, у ерда фақат битта бригада қолди. Исроил расмийлари ҳамон Рафаҳда қуруқликдаги операция ўтказиш ниятида.
Халқаро суд Жанубий Африканинг Исроилга қарши иши бўйича ўзининг биринчи қарорини чиқариб, Исроил ҳукуматига Ғазо секторида геноцидга олиб келадиган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни буюрди. Суд зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирмади.
БМТнинг Гаагадаги суди Ғазо аҳолиси геноциди учун ЖАРнинг Исроилга қарши берган даъвоси бўйича суд ишини бошлади. Жанубий Африка Исроилнинг ҲАМАС ҳужумидан кейин қилган ҳаракатларини «ҳаддан ошиш» ва «геноцид» эканини таъкидламоқда. Исроил расмийлари бу айбловларни «қонли туҳмат» деб атади.
Исроил ҳукумати ҲАМАС билан ўт очишни вақтинча тўхтатиш ва бу даврда асирларни алмашишга келишиб олди. Сулҳ вақтида инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёнилғи юкланган юк машиналари Ғазога кириши мумкин бўлади. Тафсилот.
Исроил мудофаа кучлари Ғазодаги энг йирик «Ал-Шифо» тиббиёт мажмуасида ҲАМАСга қарши ҳарбий операция ўтказмоқда. Исроил аскарлари шифохонага кирган ва тутунли граната отган бўлиши мумкин. Улар касалхонадан ерости бошқарув пости учун қалқон сифатида фойдаланилаётганини айтмоқда. ҲАМАС буни рад этди.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми «йўқ жойдан пайдо бўлмаганини» айтди. Бу фикр Исроил ҳукумати томонидан қаттиқ танқидга учради ва мамлакат расмийлари Гутерришнинг истеъфосини сўради. Баёнотдан сўнг Исроил БМТ вакилларига виза беришни тўхтатди.
АҚШ президенти Жо Байден аҳолига телемурожаатида ҲАМАС ҳамда Россия президенти Владимир Путин «демократияни бутунлай йўқ қилмоқчи»лигини ва Америка террорчилар ва золимларнинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслигини айтди. У америкаликларни Украина ва Исроилни қўллаб-қувватлашда давом этишга чақирди.
Байден ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумини 11 сентябрь воқеаларига қиёслади. АҚШ ва Исроил разведкаси «Ал-Аҳли» касалхонасидаги портлашда «кўпи билан бир неча ўн нафар» одам ўлган деб ҳисобламоқда. Миср ва АҚШ раҳбарлари гуманитар ёрдам коридорини очиш бўйича келишиб олди.
Ғазодаги «Ал-Аҳли» шифохонасига қилинган ҳужум мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар томонидан кескин қораланди. Воқеадан сўнг Яқин Шарқнинг бир қанча давлатларида оммавий норозиликлар бошланди. Иорданияда ўтиши керак бўлган АҚШ президенти ҳамда Миср ва Фаластин раҳбарлари саммити бекор қилинди.
ҲАМАС илк марта гаровга олинганлардан бирининг видеосини эълон қилди, Эрон дипломати Исроил бомбардимон қилишни тўхтатса, ҲАМАС Ғазода гаровга олинганларни озод қилишга тайёрлигини айтди. АҚШ ва Исроил Ғазога гуманитар ёрдам етказиш режасини тайёрлашга келишиб олди.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС ҳужумлари оқибатида 3 нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани, 4 киши бедарак йўқолганини маълум қилди. Уруш туфайли Исроилда жами 148 нафар чет эл фуқароси ҳалок бўлган, 143 киши бедарак йўқолган.
Исроил ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатларига жавобан Ғазо секторини «тўлиқ блокада» қилишга буйруқ берди. Фаластин ССВ беморлар кўпайиб кетган касалхоналарга шошилинч тиббий ёрдам таъминотини етказиб бериш учун хавфсиз йўлак очишга чақирмоқда.
Исроилда қурбонлар сони 700 нафардан ошди, 2200 дан ортиқ одам жароҳатланган. Ғазо секторида эса камида 413 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, 2300 киши яраланган. ОАВ Эрон ҲАМАСга ёрдам бергани ҳақида ёзди, Эроннинг ўзи эса буни рад этди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг