9 октябрь куни Исроил мудофаа вазири Йоав Галант ҲАМАС гуруҳининг ҳаракатларига жавобан Ғазо секторини «тўлиқ блокада» қилиш ҳақида буйруқ берди. «Электр, озиқ-овқат, ёқилғи бўлмайди», — деди у. Мамлакат энергетика вазири Исраэль Кац Ғазо секторига сув таъминотини тўхтатишни буюрди. Шунингдек, у ҳудудга электр энергияси ва ёқилғи етказиб бериш икки кун аввал тўхтатилганини тасдиқлади.

Бир кун аввал хабар берганимиздек, Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазо секторида камида 413 нафар фаластинлик ҳалок бўлгани ва 2300 нафар одам яраланганини маълум қилиб, ҳудуддаги электр энергиясининг узилиши тиббиёт соҳаси учун катта муаммо туғдираётганини қайд этганди. Бу даволанишга муҳтож бўлган юзлаб одамларнинг ҳаётига таҳдид солаётгани таъкидланган.

Маълумот ўрнида, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху шанба куни Исроил Ғазо секторига «электр энергияси, ёқилғи ва товарлар» етказиб беришни тўхтатишини эълон қилганидан бери ҳудудда электр энергияси таъминоти кунига ўртача саккиз соатдан тўрт соатгача камайди.

Исроил ҳаво кучлари Ғазо секторидаги Ал-Фурқон ҳудудига зарбалар бергани акс этган видеони эълон қилди.

«Ҳудуд ҲАМАС учун террор уяси бўлиб хизмат қилади ва у ердан Исроилга қарши кўплаб ҳаракатлар олиб борилмоқда», — дейилади Исроил армияси постида.

Исроил мудофаа кучлари мамлакат ҳудудига Ливан билан чегара орқали шубҳали шахслар ўтганини маълум қилди. Кейинроқ эса Ливандан Исроил ҳудудига ўтган қуролли одамлар ўлдирилгани ҳақида хабар берилди.

Уларнинг аниқ сони номаълум. Исроил ҳарбийлари ҳудудни текширишда давом этаётгани, жанговар вертолёт чегара бузиб ўтилган ҳудуддаги нишонларга ҳужум қилаётгани қўшимча қилинган.

Нетаньяху Ғазо секторига берилаётган зарбалар видеосини эълон қилди. «Биз бошладик. Исроил ғалаба қозонади», — деб ёзган Исроил бош вазири.

Беэри кибуцида 100 нафар ҳалок бўлган исроилликнинг жасади топилди. Уларни Ғазо сектори билан чегара яқинида жойлашган ҳудудда волонтёрлар гуруҳи топган, дея хабар берди The Times of Israel Zaka қидирув-қутқарув гуруҳига таяниб. Нашрнинг қайд этишича, қурбонлар сони ортиши мумкин. Ҳудудда жами мингга яқин одам яшаган.

АҚШ президенти Жо Байден ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми оқибатида камида 11 нафар АҚШ фуқароси ҳалок бўлганини маълум қилди. Ҳалок бўлган америкаликларнинг кўпчилиги Исроилда доимий яшаб келган.

Байденнинг айтишича, ҲАМАС гаровга олганлар орасида ҳам АҚШ фуқаролари бор. «Бизда, шунингдек, бедарак йўқолганлар орасида ҳам Америка фуқаролари борлиги ҳақида маълумот мавжуд ва Исроил расмийлари билан уларнинг қаердалиги ҳақида қўшимча маълумот олиш мақсадида ишлаяпмиз», — дейилади Оқ уй эълон қилган баёнотда.

Рамзан Қодиров халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилиб, Фаластин масаласида ҳеч бўлмаса бир маротаба якдиллик билан адолатли қарор қабул қилишга чақирди. Чеченистон раҳбари Фаластинни қўллаб-қувватлашини, бироқ минтақадаги урушга қарши эканини таъкидлаган.

«Мен мусулмон давлатлари етакчиларига мурожаат қиламан — коалиция тузинг ва унга жангариларни йўқ қилиш баҳонасида тинч аҳолини бомбардимон қилмасликлари учун сиз дўст деб атаганларни, Европа ва бутун Ғарбни чақиринг», — деди Қодиров.

«Биз Фаластинни қўллаб-қувватлаймиз ва қолган можаролардан фарқли ўлароқ, катталашиб кетиши мумкин бўлган бу урушга қаршимиз», — дея таъкидлаган Чеченистон раҳбари.

Шунингдек, у Чеченистон бўлинмалари, лозим бўлган тақдирда, минтақада «тартибни тиклаш ва ҳар қандай тартибсизликка қарши курашиш учун тинчликпарвар кучлар сифатида фаолият юритишга тайёрлигини» қўшимча қилган.

Ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар

Сўнгги маълумотларга кўра, Ғазода ҳалок бўлган фаластинликлар сони 700 нафардан ошди. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг қайд этишича, уларнинг 143 нафари бола ва 105 нафари аёллар ҳисобланади. 4000 нафарга яқин фаластинлик яраланган.

Исроилда ҳалок бўлганлар сони 900 кишидан ошган. Яраланганлар сони эса 2400 нафардан кўпроқни ташкил этмоқда.

Al Jazeera нашрининг ёзишича, Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги беморлар кўпайиб кетган касалхоналарга шошилинч тиббий ёрдам таъминотини етказиб бериш учун хавфсиз йўлак очишга чақирмоқда. Шунингдек, Исроил Хан-Юнис шаҳрида тез ёрдам машиналарига ҳужум қилгани ва Бейт-Ханун шаҳрининг бомбардимон қилиниши оқибатида ундаги ягона касалхона иши тўхтагани айтилган.

«Соғлиқни сақлаш тизими фаолиятини таъминлашда ҳали ҳам электр энергияси етишмаслиги кузатилмоқда. Бу барча касал ва ярадорларнинг ҳаётини хавф остида қолдирмоқда», — дея Фаластин расмийларининг сўзларидан иқтибос келтирган нашр.