17 октябрдан 18 октябрга ўтар кечаси Ғазо секторидаги касалхонага зарба берилди. Сектордаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ҲАМАС назоратида) вакили воқеа оқибатида 200 дан 300 нафаргача одам ҳалок бўлганини маълум қилди. Al Jazeera нашри берган маълумотларга кўра, айни вақтгача аниқланган қурбонлар сони 500 нафарни ташкил этмоқда. Al Arabiya телеканали берган маълумотларда ҳалок бўлганлар сони 800 киши экани айтилади.

Томонларнинг баёнотлари

Воқеа юзасидан Ғазо секторидаги Фаластин ҳукумати баёнот берди.

«Босқинчилар томонидан Ғазо шаҳри марказидаги „Ал-Аҳли“ касалхонасининг бомбардимон қилиниши орқали содир этилган янги ҳарбий жиноят — портлаш оқибатида „Ал-Шифо“ тиббиёт мажмуасига ўнлаб вафот этганлар ва жароҳатланганлар олиб келинди. Қайд этиш жоизки, шифохонада юзлаб беморлар, ярадорлар ва ҳаво ҳужумлари туфайли уйларидан мажбуран кўчиб ўтганлар бўлган», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, воқеа юзасидан ҲАМАС ҳам баёнот бериб, буни «геноцид» деб атади. «Ғазо сектори марказидаги касалхонада бўлган қирғин геноциддир», — дейилади ҲАМАС баёнотида. Бундан аввалроқ сектордаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ҲАМАС назоратида) вакили ҳужум Исроил томонидан уюштирилганини таъкидлаганди.

Исроил Мудофаа армияси вакили Даниэль Хагари Исроил воқеа тафсилотларини ўрганиб чиқаётганини ва шифохонага мамлакат ҳаво кучлари зарба бергани ёки бу ҲАМАСнинг муваффақиятсиз ракета учириши оқибати экани ҳозирча номаълумлигини таъкидлади.

Кейинроқ Исроилнинг i24 канали Исроил Мудофаа армиясининг дастлабки тергов натижаларига таяниб, Ғазодаги шифохонада кузатилган портлашга ҲАМАСнинг муваффақиятсиз ракета учириши сабаб бўлди, деб ёзди.

Ундан бироз ўтиб, Исроил Мудофаа армияси Ғазодаги шифохонага ракета зарбаси берилишида «Исломий жиҳод» гуруҳини айблади. Исроил ҳарбийлари баёнотида шифохонадаги портлашдан олдин Исроил томонига ракета отилгани ва у «шифохона яқинидан ўтаётганда уриб туширилгани» айтилади.

«Бизда мавжуд бўлган бир қанча манбалардан олинган разведка маълумотлари шифохонага қилинган муваффақиятсиз [ракета] ҳужум[и] учун „Исломий жиҳод“ ташкилоти жавобгар эканини кўрсатмоқда», — дейилади баёнотда.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху шифохонага берилган зарбада «Ғазо секторидаги террористлар»ни айблади.

«Бутун дунё билди: Ғазодаги шифохонага Ғазодаги ваҳший террористлар ҳужум қилди, Исроил Мудофаа армияси эмас. Фарзандларимизни ваҳшийларча ўлдирганлар ўз фарзандларини ҳам ўлдирмоқда», — деб ёзди у ўзининг Twitter`даги саҳифасида.

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос шифохонага ҳужум қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.

Бошқа мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг муносабатлари

Миср шифохонага ҳужумда Исроилни айблади. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги воқеани кескин қоралашини ва Қоҳира «тинч аҳолини қасддан бомбардимон қилишни халқаро, инсонпарварлик қонунлари ва инсониятнинг энг асосий қадриятларини жиддий бузиш» деб ҳисоблашини қайд этган.

«Миср Исроилни Ғазо секторидаги одамларга қарши коллектив жазолаш сиёсатини зудлик билан тўхтатишга чақирди», — дейилади Миср Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо секторидаги шифохонада содир бўлган портлашни қоралаб чиқди ва Фаластин анклавидаги тинч аҳоли ва соғлиқни сақлаш тизимини зудлик билан ҳимоя қилишни талаб қилди.

«ЖССТ Al Ahli Arab касалхонасига қилинган ҳужумни кескин қоралайди», деб ёзди ташкилот раҳбари Тедрос Гебрейесус ўзининг Twitter`даги саҳифасида.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған бу зарбани «энг асосий инсоний қадриятлардан маҳрум бўлишнинг сўнгги мисоли», — деб атади.

Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель Ғазодаги фуқаролик инфратузилмасини нишонга олиш халқаро қонунларни бузиш эканини таъкидлади.

Араб Лигаси ташкилоти бош котиби Аҳмад Абуль Гейт Ғарб етакчиларини бу фожиани зудлик билан тўхтатишга чақириб, «араб механизмлари бу уруш жиноятларини ҳужжатлаштиради ва жиноятчилар бу ишларидан қочиб қутула олмайди», — деди.

Россия ва БАА Ғазодаги шифохонага уюштирилган ҳужум сабаб 18 октябрь куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини чақиришни талаб қилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги воқеани «даҳшатли зўравонлик» деб атади. «Буни халқаро гуманитар ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Намойишлар

Воқеадан сўнг дарҳол Яқин Шарқнинг бир қанча давлатларида, хусусан, Туркия, Иордания, Миср, Тунис, Сурия, Ливан, Яман ва Эронда оммавий норозилик намойишлари бошланди. Намойишлар Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилида ҳам бўлиб ўтди. Бир қатор ҳолатларда намойишчилар Исроил элчихоналари яқинида тўпланди.

Байденнинг ташрифи ва бекор қилинган саммит

Иордания АҚШ президенти Жо Байден ҳамда Миср ва Фаластин раҳбарлари иштирокидаги тўрт томонлама саммитни бекор қилди. Бу ҳақда Al Jazeera телеканали Иордания ташқи ишлар вазири Айман ас-Сафадийга таяниб хабар берди. Саммит 18 октябрь куни Иордания пойтахти Аммон шаҳрида бўлиб ўтиши керак эди. Аввалроқ Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос касалхонага зарба берилгани ҳақидаги хабардан сўнг АҚШ раҳбари билан учрашувдан бош тортган.

АҚШ президенти Жо Байден Исроилга учиб кетди. Байден Исроил раҳбарияти билан учрашиб, ҲАМАС билан давом этаётган урушни муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ҳалок бўлганлар сони

Сўнгги маълумотларга кўра, ҲАМАСнинг Исроилга ҳужумлари оқибатида 1400 нафардан ортиқ одам ўлган. Исроилнинг Ғазога уюштирган ҳужумларида 3000 нафарга яқин фаластинлик ҳалок бўлган.