Исроил мудофаа кучлари (ИМК) Ғазо секторидаги «Ал-Шифо» тиббиёт мажмуасида ҲАМАСга қарши «рейд ва зарурат асосида аниқ ва мақсадли» ҳарбий операция ўтказмоқда. Бу ҳақда 15 ноябрь тонггида Исроил ташкилоти X (Twitter)даги расмий саҳифасида хабар берди.

«ИМК Ғазода ҲАМАСни мағлуб этиш ва гаровга олинганларни қутқариш учун қуруқлик операциясини ўтказмоқда. Исроил Ғазодаги тинч аҳоли билан эмас, ҲАМАС билан уришмоқда. Мудофаа кучлари таркибида тиббий гуруҳ ва Араб тилида сўзлашувчилар бор. Улар ҲАМАС томонидан тирик қалқон сифатида фойдаланилаётган тинч аҳолига ҳеч қандай зарар етказмаслик мақсадида ушбу мураккаб ва нозик муҳитга кириш учун махсус тайёргарликдан ўтган. Сўнгги ҳафталарда Исроил мудофаа кучлари ҲАМАСни „Ал-Шифо“ касалхонасидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишда давом этиши бинонинг халқаро ҳуқуқ бўйича ҳимояланган мақомини хавф остига қўйиши ҳақида огоҳлантирди ва касалхонани ноқонуний суиистеъмол қилишни тўхтатиш учун етарли вақт берди», — дейилади баёнотда.

Шунингдек, Исроил мудофаа кучлари бир кун аввал Ғазодаги тегишли органларга яна бир бор касалхонадаги барча ҳарбий фаолият 12 соат ичида тўхтатилиши кераклигини айтган, лекин ҲАМАС бунга риоя этмаган. Исроил томони, шунингдек, касалхонани кенг миқёсда эвакуация қилишни осонлаштиргани ва шифохона маъмурлари билан мунтазам мулоқотни давом эттирганини иддао қилмоқда. Улар касалхонада бўлган барча ҲАМАС ҳарбийларини таслим бўлишга чақирди.

Тармоқларда Исроил кучлари касалхонанинг ғарбий блокида ишлаётгани, асосий бинога ҳали киритилмагани айтилган.

BBC нашрининг хабар беришича, Исроил аскарларининг «Ал-Шифо» касалхонасига кирганини кўрган гувоҳлар бор. BBC мухбири билан суҳбатлашган гувоҳ Исроил аскарлари аллақачон шифохонага кирганини тасдиқлаган. Касалхонада бўлган Ҳадер Заанун BBC`нинг Ғазодаги мухбири Рушди Абу Алуф билан телефонда Исроил ҳарбийлари тутунли граната ташлагани, шифохонадаги жарроҳлик бўлимига кириб борганини кўрганини айтган. Шундан сўнг Ҳадер Заанун билан алоқа узилган.

Яна бир нашр Al Mayadeens`нинг Ғазодаги мухбирига кўра, Исроил кучлари касалхонадаги барча кириш жойларини қамал қилган ва бинонинг атрофига танклар жойлаштирган.

Al Jazeera хабарида айтилишича, муассаса ичидаги шифокор Исроил ҳужуми беморлар, эвакуация қилинган одамлар ва тиббиёт ходимлари орасида қўрқув уйғотганини маълум қилган.

Нашр хабарига кўра, ҲАМАС шифохонага уюштирилган ҳужумдан сўнг баёнот бериб, бунда Исроил ва АҚШ президенти Жо Байденни айблаган.

ҲАМАСнинг таъкидлашича, бир кун олдин АҚШ баёнотида, исроилликлар айтганидек, «Ал-Шифо» касалхонаси остидаги ҲАМАС қўмондонлик пункти Исроил армиясига касалхонага ҳужум қилиш учун «яшил чироқ ёққан». Шунингдек, ташкилот касалхонада фақат тинч аҳоли борлигини айтмоқда ва касалхонадан ерости қўмондонлик ва бошқарув пости учун қалқон сифатида фойдаланишини рад этган. Исроил томони эса буни исботлашга уринмоқда.

«Ал-Шифо» тиббиёт мажмуаси ҳақида

«Ал-Шифо» касалхонаси Ғазо секторидаги энг йирик ва марказий тиббиёт мажмуасидир. Исроил-ҲАМАС уруши сабаб мажмуа беморлар билан тўлиб-тошган. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, 7 октябрдан бери Исроилнинг Ғазога қилган зарбалари сабаб 11 300 нафардан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда ҲАМАСнинг ҳужумларидан ҳалок бўлганлар сони 1200 нафардан ортиқ.