7 октябрь куни Фаластиндаги ҲАМАС гуруҳи Исроилга қарши минглаб ракеталарни учирди. Бундан ташқари, улар Ғазо сектори билан чегарадош ҳудудлардаги исроилликлар яшовчи аҳоли пунктларига кириб, тинч аҳоли вакиллари ва ҳарбий хизматчиларни гаровга олди.

Бунга жавобан Исроил Ғазо секторида ҲАМАС ҳарбий обектлари жойлашган кўп қаватли биноларга зарбалар берди. 7 октябрь куни кечаси Исроил армияси Ғазо сектори чегараларига оғир техникаларини йўналтирди.

Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо сектори аҳолисидан ҳудудни дарҳор тарк этишни сўради. Шунингдек, у урушни «ҲАМАС бошлаганини, Исроил эса уни тугатишини» таъкидлади.

Бундан ташқари, Нетаньяху Исроилга «бостириб кирган» ҲАМАС аъзоларининг аксарияти ўлдирилганини маълум қилди.

8 октябрь куни Исроил Мудофаа кучлари вакили Даниэль Хагари 24 соат ичида Ғазо сектори билан чегарадош шаҳарларда яшовчи барча аҳоли эвакуация қилинишини ҳақида хабар берди.

Хагарининг Кфар-Аза шаҳрида жанглар давом этаётганини қўшимча қилиб, Исроил армияси 400 дан ортиқ фаластинлик ҳарбийларни йўқ қилганини, ўнлаб ҳарбийлар ҳибсга олинганини қайд этди.

Шу куни Ғазо секторига яқин бўлган Реим қишлоқ хўжалиги коммунаси 260 кишининг жасади топилди. Мазкур ҳудудда 7 октябрь куни Nature Party электрон мусиқа фестивали бўлиб ўтган. Ижтимоий тармоқларда фестивал иштирокчилари саҳро бўйлаб қочаётгани акс этган видеолар тарқалди.

9 октябрь кунги маълумотлар бўйича, Исроилда 700 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 2200 нафардан ортиқ одам жароҳатланган.

Ғазо секторида эса, Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган маълумотларга кўра, камида 413 нафар фаластинлик ҳалок бўлган, улардан 78 нафари болалар экани айтилмоқда. 2300 нафар одам яраланган.

Вазирлик қўшимча қилишича, ҳудуддаги электр энергиясининг узилиши тиббиёт соҳаси учун катта муаммо туғдириб, даволанишга муҳтож бўлган юзлаб бошқа одамларнинг ҳаётига таҳдид солмоқда. Маълумот ўрнида, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху шанба куни Исроил Ғазо секторига «электр энергияси, ёқилғи ва товарлар» етказиб беришни тўхтатишини эълон қилганди. Ўшандан бери ҳудудда электр энергияси таъминоти кунига ўртача саккиз соатдан тўрт соатгача камайди.

Эрон ҲАМАСга ёрдам бергани айтилмоқда

The Wall Street Journal ўз манбаларига таяниб Эрон разведка хизматлари Исроилга ҳужум уюштиришда ҲАМАСга ёрдам бергани ҳақида ёзди. Унга кўра, ҲАМАС va Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» қуролли гуруҳи юқори мартабали вакиллари Эрон разведка хизмати 2 октябрь куни Байрутда бўлиб ўтган учрашувда ҳужум қилиш учун «яшил чироқни ёққан».

Эроннинг Исроилга ҳужум уюштиришга алоқадорлиги ҳақидаги маълумотни Европа расмийларидан бири ва Сурия ҳукумати маслаҳатчиси ҳам журналистларга тасдиқлаган. ҲАМАСнинг юқори мартабали расмийси Маҳмуд Мирдавий эса гуруҳ ҳужумни ўзи режалаштирганини қайд этган.

Эрон томони эса буни рад этди. Эроннинг БМТдаги делегацияси эълон қилган баёнотига кўра, мамлакат Фаластин ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилмоқда деб ҳисоблайди ва уни қўллаб-қувватмоқда. Бироқ ХАМАСнинг Исроилга ҳужум қилишига ёрдам бермаган.