Исроил ҳукумати ҲАМАС билан фаластинлик асирлар эвазига гаровга олинганларнинг бир қисмини озод қилиш ва ўт очишни вақтинча тўхтатишни назарда тутувчи келишувни маъқуллади, деб хабар бермоқда «Медуза» Haaretz нашрига таяниб.

Келишувга кўра, тўрт кун ичида 50 нафар аёл ва болани озод қилади. Бу вақт ичида Ғазо секторида жанглар бўлмайди. Исроил бунга жавобан 150 нафар фаластинлик аёл ва ёшларни Исроил қамоқхоналаридан озод қилади.

Сулҳ вақтида инсонпарварлик ёрдами, дори-дармон ва ёнилғи юкланган юзлаб юк машиналари Ғазога кириши мумкин бўлади, дея ҲАМАС баёнотидан иқтибос келтирмоқда Reuters. Шунингдек, Исроил сулҳ пайтида Ғазо секторининг барча ҳудудларида ҳибсга олишларни тўхтатишга ваъда бергани келтирилган.

Ўз навбатида, Исроил ҳукумати ҳарбий ҳаракатлардаги танаффусларни озод қилинган ҳар 10 фуқаро учун бир кунга узайтиришга тайёрлигини билдирган.

Музокараларда воситачи сифатида Қатар, Миср ва АҚШ вакиллари иштирок этди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида Ғазо секторида гуманитар пауза яқин 24 соат ичида эълон қилиниши билдирилган.

Бу Исроил ва ҲАМАС ўртасида 7 октябрь куни бошланган жанглардан бери имзоланган биринчи келишув саналади. Ҳужумлар давомида Исроилда 1200 дан ортиқ одам ўлган, 240 га яқин киши гаровга олинган. Исроил армияси ҲАМАСга жавобан Ғазо секторига берган зарбаларни оқибатида, сектор Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 14 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.