Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов COVID-19 га қарши хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001 вакцинаси билан эмланди.
Президент видеоселекторда ўқитувчилар ойлик маошларини ошириш зарурлигини таъкидлади. Халқ таълим вазири Шерзод Шерматов «давлат бюджетини тасдиқловчи баъзи депутатлар» бундан тўғри хулоса чиқаришига умид қилишини ёзди. Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бу жараён депутатларга боғлиқ эмаслигини, Шерматов вазиятдан фойдаланиб «пиар» қилганлигини таъкидлади.
Синфларда ўқувчилар сонини 35 дан 24 гача камайтириш учун йилига 9 триллион сўм керак бўлади, деди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Шунингдек, у ёшлар учун технология ва аниқ фанларни инглиз тилида ўрганиш нима учун муҳим эканини тушунтирди.
Бугун Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ортиб кетган. Вазият шу ҳолда ривожланиб борса, ўртадаги фарқ 2 млнтага етади, дея маълум қилди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. У мактабларда жой етишмаётганининг икки асосий сабабини айтиб, муаммони ҳал этиш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурди.
Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, мактаблардаги муаммоларни ҳал этиш ўрнига, «баъзилар ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишдан нарига ўта олмаяпти». У президент топшириқларини тўғри тушунган раҳбарлар бюджетдан ташқари маблағларни топиб, мактабларга ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мажбурий мехнат бўйича халқ таълими ходимларига топшириқ берганларга ҳам чора кўриш кераклигини таъкидлади. Сенат раиси Танзила Нарбаева эса мажбурий меҳнатга жалб қилиш занжирининг ортида ҳокимлар турганига ишора қилди.
Халқ таълими вазири депутат Расул Кушербаевнинг ўқувчиси ОТМга киролмаган мактаб директорларини ишдан бўшатиш тўғрисидаги фикрларини популизм деб таърифлаган эди. Депутат бунга жавоб бериб, у фақат қонун устуворлиги тарафдори эканлигини айтди. «Агар демократик давлатлар қатори қонун устуворлигини таъминлаш ва муаммони суд орқали ҳал қилиш популизм бўлса унда мен эмас, аввало қонунлар ва Меҳнат кодекси бош популист бўлиб қолмайдими?», — деди Кушербаев.
Депутат Расул Кушербаев битирувчилари ОТМга кира олмаган мактаб директорларининг ишдан олинишини «демагогия ва бошқарувга ноқобил одамларни қўядиган талаби» дея тарифлаган эди. Халқ таълими вазири «охирги 2 йилда фақат ОТМга кирганлар бўйича объектив маълумот бўлгани» сабабли бундай йўл тутилганини таъкидлади. Шерзод Шерматов масалани тушунтириш учун депутат билан боғлана олмаганини маълум қилди. «Қадриятларимиз ва танловимиз икки хил экан», — деди у.
Президент топшириғига кўра, янги қурилаётган уй-жой комплекслари орасида ҳар 1000 та квартирали комплекс учун 1500 ўринли давлат мактаби қурилади.
Битирувчисининг биронтаси ҳам ОТМга кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар туфайли, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробарга камайган. 2020 йилда Қашқадарё вилоятида 16,4% мактабнинг бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган. Бу бўйича энг яхши натижа Тошкент шаҳрида (0,3% мактабда) кузатилган.
1,5 млн абитуриентнинг 23 фоизини бу йилги мактаб битирувчилари ташкил этган бўлса, улар давлат гранти квотасининг 50 фоизини эгаллаган. «Абитуриентларнинг натижаси мактаб битирувчилариникидан анчагина орқада», — деди Шерзод Шерматов. Вазир, шунингдек, ўз ишини эплай олмаётган ва «соҳага адашиб кириб қолган» педагогларга ўзига бошқа иш топишни тавсия қилди.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Қашқадарё вилоятида бирорта ҳам битирувчиси ОТМга кира олмаган 20 та мактаб директорини ўз лавозимидан четлатди. Юқори натижаларга эришган мактаб директорлари эса рағбатлантирилди.
Халқ таълими вазири ҳудудларда таълимни яхшилаш учун энг яхши тандем — фидойи халқ таълими бошқармаси раҳбари ва уни доим қўллаб-қувватловчи ҳоким эканини маълум қилди. «Ҳоким томонидан эътибор берилмаса ёки халқ таълими раҳбари муаммоларни тўғри тушунтира олмаса, ижобий ўзгариш жуда қийин бўлиши мумкин», — деди Шерзод Шерматов.
Шерзод Шерматов 10 мингдан ортиқ қадам босиб, раҳбар сифатида шахсий намуна кўрсатиш осон эмаслигини айтди. У тахминан 2 соатларда 9 километрни бемалол юриб борса бўлишини таъкидлаган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини нафақат президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб давлат раҳбарининг имижини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш керак. «Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг», — дея мурожаат қилди Шерзод Шерматов ҳокимларга.
«Мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари мактабларнинг ҳақиқий тайёрлиги, ҳудуддаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятидан келиб чиқиб қабул қилади», — таъкидлади Шерзод Шерматов. Унинг хабар беришича, мактаб очилишидан аввал уни хавфсиз ва зарур воситалар билан таъминланганлигига ишонч ҳосил қилингач, Кенгаш ушбу мактаб фаолиятини бошлаши тўғрисида қарор қабул қилади.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларда қатъий форма талаб қилинмаслигини, лекин маълум тартибларга риоя қилиниши кераклигини таъкидлади.
«Ҳар бир ота-она фарзандини мактабга юбориши ёки уйда онлайн шаклда ўқитиши юзасидан мустақил қарор қабул қилиши керак» — халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Бу учун ота-оналардан сўровнома тўлдирилиши сўралди. Вазир мактабларда янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклифи киритилганлигини ҳам маълум қилди. Синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни 7 сентябрдан очиш режалаштирилган.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов коронавирус инфекциясига чалинганини маълум қилди. Вазир ҳозирда уйда реабилитация даврини ўтаётганини ва яқин орада ишга қайтишини билдирди. Шунингдек, вазир касалликни қандай бошидан кечираётганини ва даволанишга доир ўзини маслаҳатлари билан бўлишди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг