22 май куни Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов Тошкентда бўлиб ўтган «Беш ташаббус ҳаракати» ёшлар фестивалида давлат бюджети чекланганлиги сабабли соҳада баъзи ўзгаришларни амалга ошириш қийин бўлганини айтди.

«Иложим бўлганида эди, бироқ бюджет чекланган», — деди ХТВ раҳбари, келгусида ёшлар билан норасмий учрашувлар ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлар экан.

«Масалан, менга синфда 35 эмас, балки 24 ўқувчи бўлиши кераклигини айтишади. Мен буни жуда хоҳлардим. Aгар ҳисоблаб чиқадиган бўлсак, биргина шу ишни бир ўқув йили давомида бажариш учун 9 триллион сўм керак бўлади. Физика ва математикани ўқитишга тахминан 5−6 триллион сўм ажратилган. Бюджет чекловлари туфайли ҳамма нарсани бирданига амалга ошириш мумкин эмас», — дея изоҳ берди вазир.

Шерзод Шерматов STEM фанлари (фан, техника, инжиниринг ва математика)га қизиқувчи ёшларга тегишли адабиётларни инглиз тилида ўқишни тавсия қилди.

«Яхши дастурчи бўлишни истаганлар, албатта, инглиз тилини ўрганишлари керак. Масалан, энг яхши IT-янгиликлар қаердан пайдо бўлишини биласизми? Улар Силикон водийсидан келади. Кейин улар икки йил давомида рус тилига, кейин ўзбек тилига таржима қилинади. Бу тўрт йилгача давом этиши мумкин, шунинг учун агар биз IT бўйича янги китоб чиқарадиган бўлсак, бу тўрт йил эскирган нашр бўлади», деди вазир ва бошқа соҳаларда «таржимонлар даражасини кўтариш» зарурлигини қўшимча қилди.

Худди шу ёшлар билан учрашувда туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Аъзамов ҳам сўзга чиқди.

У мактабларда жисмоний тарбия дарсларини кўпайтириш зарурлигини таъкидлаб, «Ўзбекистонда ўрта мактабларда жисмоний тарбия ва спорт соатлари сони чет давлатларга нисбатан энг кам», деб таъкидлади.
«Ёш авлод болалигиданоқ спорт билан шуғулланиши керак. Шунинг учун 2021−2022 ўқув йилидан бошлаб республика мактабларида жисмоний тарбия дарслари сони ҳафтасига 2 соатгача оширилади», — деди туризм ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари.

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистонда ўқувчилар сони (6,24 млн) мактабларнинг лойиҳавий қувватидан (5,06 млн) сезиларли даражада ортиб кетгани ҳақида ёзган эди. Вазият шу ҳолда ривожланиб борса, ўртадаги фарқ 2 млнтага етади, деган эди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов. Вазир мактабларда жой етишмаётгани ва икки сменали дарслар ўтилаётганига аҳоли сонини ошгани ва мактабларнинг 9 йиллик таълимга ўтказилгани сабаб бўлганини таъкидлаб, муаммони ҳал этиш бўйича бир қанча таклифларни илгари сурганди.