Мактаб санитария талабларига жавоб бермаса ёки ўша ҳудудда санитария-эпидемиологик ҳолат яхши бўлмаса, Маҳаллий Кенгаш айнан ўша мактабни очмаслик бўйича ҳам қарор қабул қилиши мумкин. Ундай ҳолатда ўқувчилар яқинроқда бошқа очилган мактаб биносида ёки 14 сентябрда янги ўқув йили дарслари бошланганида теледарслар орқали масофавий таълим олишлари мумкин бўлади, дея маълум қилди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

«Мактаблар очилиши бўйича қарорни фақатгина Маҳаллий Кенгаш депутатлари мактабларнинг ҳақиқий тайёрлиги, ҳудуддаги санитария-эпидемиологик ҳолат ва соғлиқни сақлаш тизими имкониятидан келиб чиқиб қабул қилади», — дея таъкидлади Шерзод Шерматов.

«Масалан, туман марказини ободонлаштириш учун маблағ ажратиш муҳимми ёки мактабларга антисептик воситаларни сотиб олиб беришми, деган саволга Маҳаллий Кенгаш депутатлари жавоб топишларига тўғри келади. Мабодо қайсидир жойларда маблағ ажратилмасдан, мажбуриятни мактаб жамоасига юклаб қўйилиш ҳолатлари бўлса, ундай ҳолатларни Маҳаллий Кенгаш депутатларимиз томонидан танқидий ўрганиб чиқилиши мақсадга мувофиқ», — деди Шерзод Шерматов.

У, шунингдек, мактаб очилишидан аввал уни пирометр, дозатор (ёки пульверизатор), антисептик ва дезинфекция воситалари билан таъминлаш учун маблағлар ажратилгани, мактабларга етарли воситалар етказиб берилганига ишонч ҳосил қилиниши керак. Шундан сўнггина Кенгашда ушбу мактаб фаолиятини бошлаш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.

Таълим вазирининг таъкидлашича, маҳаллий бюджетда маблағлар етарли бўлмаган шароитда, қайсидир бошқа ҳаражатларни қисқартириб, уни бу йўналишларга сарфлаш бўйича қарор қабул қилиш ваколати ҳам айнан маҳаллий Кенгашларда.

Шерзод Шерматов «президент томонидан ўтган йилларда олиб борилаётган асосий ислоҳотлардан бири — бу босқичма-босқич маҳаллий Кенгашлар ваколатини ошириб бориш» деб айтиб ўтди.

«Марказдан туриб, ҳамма мактаблар фалон куни очилади деб ҳеч ким айтмайди! Иккинчи томондан, барча санитария талабларига риоя этилган тақдирда ҳам мактабда коронавирус юқмайди, деб ҳам ҳеч ким кафолат беролмайди. Бунга Германия, Корея каби давлатларда анчагина мактаблар вирус тарқалгани сабабли қайтадан ёпилганини мисол қилиб келтирса бўлади. Уларда нафақат моддий имкониятлари юқори, балки жамоат жойларида аҳолини ўзини тартибли тутиши бизникилардан кўра анча яхши эканлигини ҳам тан олиш керак (мисол сифатида улардаги ва биздаги одамларни навбатда қандай туриш маданиятини кузатишингиз мумкин)», — деб ёзади таълим вазири.

«Шунингдек, фарзандини анъанавий кўринишдаги мактабга юбориш ёки уйда теледарслар орқали ўқитиш ҳақидаги қарорни фақатгина ота-оналар ўзлари қабул қилишлари муҳимлиги ҳам бир неча бор таъкидлаб ўтилди. Бу масалада ҳеч кимни мажбурлашга йўл қўйилмайди», — дея таъкидлади у.