Янги ўқув йилида мактабларда қатъий форма талаб қилинмайди, лекин бу борада маълум тартибларга риоя қилиниши керак, дея маълум қилди Ўзбекистон халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 25 август куни АОКА штабида бўлиб ўтган брифингда (видео).

Аввалроқ хабар берганимиздек, бу йил яшил ҳудудларда тажриба тариқасида мактабларда ўқиш 7 сентябрдан ва барча ҳудудларда 17 сентябрдан очилиши таклиф этилганди. Қарорни ХТВ ота-оналар ўртасида ўтказаётган сўровнома натижаларига қараб қабул қилади.

Брифингда агар ўқувчининг оиласида мактаб формасини сотиб олиш имконияти бўлмаса, мактаб маъмурияти қандай муносабатда бўлиши керак деган саволга жавобан Шерзод Шерматов ҳеч ким қатъий талабларни қўймаётганини айтди.

«Ҳеч нарса қатъий талаб қилинмаяпти. Ҳатто давомат ҳам. Формани ҳам ўзини тартиблари бор, ўша тартибларга риоя қилинса, бўлди. Хабарингиз бор, мажбурий форма тўғрисидаги қарорни қабул қилиш вақти ҳам сурилган (2024−2025 ўқув йилигача — таҳр.). Лекин талаблар бор. Масалан, мактаб талабларига мос бўлмаган кийим билан ичкарига кириб бўлмайди» — дея таъкидлади вазир.

Шу ўринда, вазир бирорта давлат мактаби бирор цехдан бориб форма сотиб олишни ўқувчиларидан талаб қилиш ҳақига эга эмаслигини қайд этиб ўтди.

ХТВ раҳбари давомат ҳақида гапирар экан, қонунга биноан мактаб таълими ҳамма учун мажбурий эканлигини ва бу мактабга мажбурий қатнашишни назарда тутишини таъкидлади. Аммо коронавирус пандемиясини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон тарихида илк бор ота-оналарга таълим шакли — анъанавий ёки масофавий ўқишни танлаш ҳуқуқи берилмоқда.

Вазир ота-оналарга уқув йили бошланар экан, деб ҳамма эртага бозорга бориши керак эмаслигини огоҳлантирди.

«Ота-оналардан бундан олдин ҳам бир неча марта илтимос қилган эдик, яна бир марта илтимос қилмоқчимиз. Карантин чекловлари юмшатилгани билан вирус йўқолгани йўқ. Шунинг учун одамлар мактаб учун бозорлик қиламиз деб болаларини бозорга олиб бориши, ўзига, боласига ёки бошқаларга вирус юқтириши керак эмас… Вилоят ҳокимликларига зарурий ҳолатларда октябргача мактаб ярмаркалари ташкил қилиш вазифаси юклатилган», — деди халқ таълими вазири.