Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳудудларда таълимни яхшилаш бўйича натижага эришиш учун энг яхши тандем — жамоани бирлаштира оладиган фидойи халқ таълими бошқармаси раҳбари ҳамда уни доим қўллаб-қувватлайдиган вилоят ҳокими эканини маълум қилди.

«Наманган ва Хоразм вилоятларида шу каби тандем бўлгани сабабли бошқа ҳудудларга нисбатан мактаблар масаласига эътибор кучлироқ бўлиб келган. Шунинг учун ҳам, „Ўқитувчи ва мураббийлар куни“ байрами арафасида қатор педагоглар билан бирга ушбу икки вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарлари „Содиқ хизматлари учун“ медали билан тақдирланган эдилар», — деди вазир ўзининг телеграм каналида.

Таъкидланишича, қуйидаги жадвалда ҳам битирувчиларнинг ОТМларга кириш кўрсаткичлари бўйича биринчи 5 талик ҳудудлар орасида энг катта ўсиш айнан Наманган ва Хоразмда кузатилган.

Мактаб битирувчиларининг ОТМларга кириш кўрсаткичлари. Фото: Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов телеграм канали.

Барча мактабларда ОТМга йўналтириш ишларига алоҳида эътибор қаратилгани сабабли бу йил умумий битирувчиларнинг сони 1,59 баробар ортган бўлсада, олийгоҳларга кирган битирувчилар сони 2,02 баробар ортган.

Вазир ташқи омиллар деярли барча ҳудудга бир хил таъсир қилганини айтмоқда [квоталарнинг ошиши, китоблар, ДТМ тестлари ва ҳ.к.], лекин айнан шу икки ҳудудда кўрсаткичларнинг ўсиш суръати бошқа ҳудудларникидан анча юқори бўлган. Наманган вилоятининг ўрни ўтган йилдагига нисбатан 4 поғонага, Хоразмники эса 2 поғонага кўтарилган.

«Ушбу оддий мисолни ўзи президентимиз томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбарларини вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида мавқеини кўтарилиши ҳамда ҳокимларга камида 30−40 фоиз вақтларини мактабларга ёрдамга сарфлашлари бўйича кўрсатма берилиши бежизга эмаслигини кўрсатмоқда», — дея таъкидлади Шерматов.

«Вилоят (туман) ҳокими халқ таълими бошқармаси (бўлими) раҳбарини ҳафтасига камида бир марта қабул қилиб, муаммоларини ечишда ёрдам берса, албатта, ўша ҳудудда таълим йўналишида ривожланиш бўлади. Ҳоким томонидан эътибор берилмаса ёки вилоят (туман) халқ таълими раҳбари муаммоларни тўғри таҳлил қилиб ҳокимга тушунтира олмаса, жойларда ижобий ўзгариш жуда қийин бўлиши мумкин», — дея қўшимча қилган.

Вазир ,шунингдек, бу тезкор йиғилган маълумотлар эканини айтмоқда. Суперконтракт ҳамда янги очилаётган хусусий ва хорижий университетлар қабуллари натижалари бўйича Тошкент шаҳри (ҳамда баъзи ҳудудлар) кўрсаткичида йил якунигача қўшимча ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларини нафақат президент сиёсатига хиёнат, балки атайлаб давлат раҳбарининг имижини дискредитация қилишга ҳаракат деб баҳолаш кераклигини айтганди. У шунингдек, — «Ёрдам беришга имкониятингиз бўлмаса, илтимос, жуда бўлмаса халақит қилманг», — дея ҳокимларга мурожаат қилганди.