Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ўзининг телеграм каналида мактаблардаги ижобий ўзгаришлар, ОТМларга кириш бўйича таҳлилий маълумотларни эълон қилди.

«1,5 млн абитуриентнинг атиги 23 фоизи бу йилги мактаб битирувчилари бўлган бўлса, улар давлат гранти квотасининг 50 фоизини эгаллади. Қолган 77 фоиз абитуриентни ташкил этган лицей, коллеж битирувчилари ёки аввалги йилги битирувчилар ҳам ОТМга ҳаракат қилган, репетиторга борган, лекин уларнинг умумий натижаси мактаб битирувчилариникидан анчагина орқада бўлди», — деди Шерзод Шерматов.

Айтилишича, олий таълимга биронта ҳам ўқувчиси кирмаган мактаблар сони 3 баробарга камайган. Бундай мактаблар сони ўтган йили 2126 тани ташкил этган бўлса, бу йили 692 тага тушган.

Фото: Шерзод Шерматов телеграм канали.

«Энди буёғига директорларимиз ва мактаб жамоаси фақат натижага ҳаракат қилиши керак. Натижа, бу — битирувчиларнинг ҳаётда муваффақиятга эришиши. Уларнинг бир қисми ўқишни кейинги босқичига ўтса, кейинги қисми ўз ишини топиб кетишидир. Ўқишга ҳам киролмаса, иш ҳам топа олмаса, кейинчалик ёшларимиз ҳаётда қийналиб қолишади. Шу сабабли мактаб давридаги вақтини айнан шу натижага йўналтириши, шу жумладан, ота-оналар билан ҳамкорликни кучайтириши керак», — дея таъкидлаган вазир.

Вазир бир ой давомида Хоразм, Навоий, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюргани, яхши кўрсаткичга эга ва умуман натижа кўрсатмаган мактабларни солиштирганини қайд этган.

Солиштиришларда, аксарият ёмон кўрсаткичга эга мактабларнинг моддий-техник ҳолати яхши кўрсаткичга эга бўлган мактабникидан анча яхши бўлиб чиққан. «Эскичасига фақат мактабнинг ташқи кўринишига қараб директорга баҳо берилганида, аксинча булар яхши бўлиб чиқарди ва яхши натижа кўрсатган директорга эса мактабининг кўриниши яхши бўлмаганига чора кўрилиши мумкин эди…», — дея қайд этган халқ таълими вазири.

Халқ таълими вазири ўз хабарида фидойи педагогларга миннатдорчилик билдириш билан бирга, ишини эплай олмаётганларга бошқа иш топишни маслаҳат берган.

«Шунинг учун, ўз ишига фидоий бўлган педагогларимизга ушбу ўзгаришларга сабаб бўлганлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва келгуси фаолиятларига муваффақиятлар тилаймиз! Аксинча, бу соҳага адашиб келиб, аввалгидек пахта ва бошқа ортиқча ишлар билан ўралашиб юришга ўрганиб қолганларга бошқа иш топишларини тавсия қиламиз», -деган Шерзод Шерматов.