Янги қурилаётган уй-жой комплекслари орасида қурувчи компаниялар ҳисобидан қўшимча мактаб ҳам қуриб берилади. Бу ҳақда Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов хабар берди.

Хабарга кўра, президент Давлат дастури муҳокамасидаги видеоселекторда ушбу ижобий тажрибани барча ҳудудлардаги янги қурилаётган уй-жой комплексларига кенг жорий этиш бўйича ҳудудлар раҳбарларига топшириқ берди.

«Ҳар бир янги қуриладиган хонадонга тахминан 1,5 ўқувчи ўрнини ҳисобини олиб, давлат мактаби қуриб бериш керак бўлади. Шунда тижорат мақсадларида 1000 та квартирали комплекс қурилса, 1500 ўринли давлат мактаби ҳам қуриб топширилади», — дейилади хабарда.

Халқ таълими вазирининг таъкидлашича, бу ўз навбатида мактабларга ажратилаётган инвестиция дастуридаги мавжуд маблағлар доирасида узоқроқ ҳудудлардаги кўпроқ мактабларни капитал таъмирлашга имконият беради. «Чунки вилоят марказида 1 та янги мактаб қуришга кетадиган харажат ҳисобига туманларда камида 10−15 та мактабни зўр қилиб капитал таъмирласа бўлади», — деди у.