Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактаб тизимидаги муаммоларни муҳокама қилишдан аввал уларга ёрдам бериш муҳимлигига эътибор қаратди. Унинг фикрича, «кимдир мактабларга чин дилдан ёрдам беради, кимдир фақат хато қидиришга ҳаракат қилади».

Вазир авваллари мактаб таъмирига асосан Инвестиция дастури орқали маблағ ажратилганини айтиб, ҳозирда ҳудудий ҳокимликлар тасарруфида қоладиган маблағларнинг мактабларга кўпроқ ажратилишига ҳаракат бўлаётганини қўшимча қилди. Энг яхши кўрсаткичга эга ҳокимларга миннатдорчилик сифатида эса «Таълим ҳомийси» кўкрак нишони ҳам жорий этилган.

Кейинги, учинчи манба сифатида Шерзод Шерматов ҳомийлар ва битирувчилар маблағлари эканлигини таъкидлади. «Кўпгина битирувчилар мактабларига бориб чин дилдан ёрдам кўрсатдилар», — деди у.

«Мактаблардаги моддий-техник ҳолат бўйича йиғилиб қолган муаммоларни кўплигини билганимиз учун ҳам барчани мактабга ёрдам беришга сафарбар қилиш ҳаракатидамиз. Лекин баъзилар бизнинг ички дардимизни юзимизга солиб, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишдан нарига ўта олмаяпти. Ҳар қандай мансабдор шахс, сенаторми, депутатми, вазирми ёки бошқа раҳбар агар ҳақиқатда президентимиз чақириқларига кўра мактабга ёрдам бераман деса, ўз имкониятидан келиб чиқиб ҳам ёрдам бериш йўлларини топа олади», — деди Шерзод Шерматов.

Халқ таълими вазири президент топшириқларини тўғри тушунган раҳбарлар ўз имкониятларидан келиб чиқиб, бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобига мактабларга чин дилдан ёрдам беришга ҳаракат қилишини айтиб ўтди.

«Яқинда бир катта идора раҳбари мактабларга қўшимча телевизорлар бериш бўйича ташаббус кўрсатди, лекин ёритманглар деганига кимлигини айтмай қўя қоламиз», — деди у.

Бундан ташқари, у мактабларга кўмак берувчи ҳомийлар қаторида адлия вазири ҳам борлигини маълум қилди.

«Мактаблардаги муаммоларимизни юзимизга солиш ўрнига, уларга ёрдам бериш имкониятларини топадиган шундай раҳбарлар ва инсонлар кўпаяверсин», — дея қўшимча қилди вазир.