Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида чоршанба куни Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссиясининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг таъкидлашича, таълим тизимидан мажбурий меҳнатга жалб этилган ходимларга нисбатан чора кўрилган. Бироқ, мажбурий мехнатга жалб қилиш бўйича халқ таълим ходимларига топшириқ берган шахсларга чора кўрилмаган.

«Статистикада қайсидир халқ таълими тизими ходими мажбурий меҳнатга жалб этилгани учун чора кўрилгани келтирилмоқда. Албатта, аниқланган ҳолатлар бўйича ходимларимизга чора кўрганмиз. Лекин бирорта халқ таълими бўлими ходими кўчани ободонлаштиришга ёки «темир дафтар»ни тўлдиришга ўзи топшириқ бермайди. Яъни, жазо муқаррарлиги принципи фақатгина халқ таълими ходими билан чекланиб қолиши керак эмас. Унга ким топшириқ берган бўлса, унга ҳам таъсир қилиши керак. Аммо ҳозиргача статистикада халқ таълими ходимларига топшириқ берган одамга чора кўрилди, деган нарса кўрилмади», — деди Шерматов.

Вазирнинг айтишича, «асл сабабчиларни топиб, уларни жавобгарликка тортиш бўйича чора кўриш керак».

Унинг сўзини давом эттирар экан, Сенат раиси Танзила Нарбаева мажбурий меҳнатга жалб қилиш занжирининг ортида ҳокимлар турганига ишора қилди.

«Занжирнинг охирини топишимиз керак. Ўзидан-ўзи мактаб директори кўча тозалайман, демайди. Бунга, албатта, ҳоким топшириқ берган бўлади. Бу нарсага миллий комиссия вакиллари бир овоздан қаршимиз. Ва бу билан курашамиз, амалиётда чора кўриш ҳам таъминланади. Ўзбекистон батамом ҳуқуқий давлатга айланиши керак», — деди Нарбаева.

Юқори палата раҳбари ўқитувчиларнинг кузда пахта теришга, баҳорда эса чопиққа жалб қилингани, қолаверса, болаларнинг ҳам пахта тергани бугунги кунга келиб, кадрлар масаласида ўзининг салбий натижасини кўрсатаётганини таъкидлади.