Битирувчисининг биронтаси ҳам ОТМга кирмаган мактабларда узоқ вақт ишлаган раҳбарларни лавозимдан олиш бўйича чоралар туфайли, бир йил ичида бундай мактаблар сони 3 баробарга камайган, дея ёзмоқда халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Унинг айтишича, халқ таълими тизими ходимлари бундан буён фақат қизил (10 фоизгача кўрсаткичли) мактабларга бориб, уларда аҳволни яхшилаш бўйича ишлайди.

«Буёғига ўқувчилар битиришига атиги ярим йил қолди. Шунинг учун ушбу графикда кўрсатилган қизил рангдаги (10 фоизгача кўрсаткичга эга) мактаблар учун бу йил жуда катта синов йили бўлади. Шунинг учун, ушбу мактаблар жамоаси бирлашиб натижага ҳаракат қилиши зарур!», — дейди халқ таълими вазири.

2020 йилда умумтаълим мактаблари битирувчиларининг ОТМга кириш кўрсаткичлари бўйича энг ёмон натижа Қашқадарё вилоятида кузатилган. Ушбу вилоятда 16,4% мактабда битирувчиларнинг биронтаси ҳам ОТМларга кирмаган. Бу борада энг яхши натижа Тошкент шаҳрида кузатилган — бундай мактаблар сони 0,3% ни ташкил қилган.

Шу билан бирга Навоий вилоятидаги 31% мактабларда 30%дан ортиқ битирувчи ОТМларга кирган. Бу кўрсаткич бўйича энг паст натижаларни эса Самарқанд (2,4%) ва Қашқадарё (3,9%) вилоятлари кўрсатган.