Аргентина Finalissima — 2022 ғолиби бўлди
2 июн 2022, 12:46

Аргентина Finalissima — 2022 ғолиби бўлди

«Уэмбли» стадионида Европа ва Жанубий Америка қитъаси чемпионлари ўртасида Finalissima — 2022 ўйини ташкил этилди. Унда футбол бўйича Аргентина ва Италия терма жамоалари беллашиб, якунда Лионель Месси бошчилигидаги Жанубий Америка қитъаси вакиллари ғалаба қозонишди.

Ер усти метроси остидаги ер майдонлари аукцион орқали ижарага берилади
2 июн 2022, 12:11 1

Ер усти метроси остидаги ер майдонлари аукцион орқали ижарага берилади

Ҳукумат қарори билан ер усти метро йўналишлари остида жойлашган ер участкалари Тошкент шаҳар ҳокимлиги захирасига ўтказилади. Ер майдонлари фудтрак ҳамда енгил турдаги қурилмаларни қуриш ва жойлаштириш учун аукцион орқали 5 йилга ижарага берилади. Шунингдек, «Дўстлик-Қўйлиқ» ер усти метро йўналиши 1−5 бекатлари оралиғида сайилгоҳлар ташкил этилади.

ДХХ Андижонда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланган шахсларни қўлга олди
2 июн 2022, 11:58

ДХХ Андижонда психотроп дорилар савдоси билан шуғулланган шахсларни қўлга олди

ДХХ Андижонда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган гуруҳ фаолиятига чек қўйди. Гумондорлар ёнидан, уларга тегишли машина ва хонадонлардан жами 5,5 мингга яқин «Тропикамид», «Зардекс», «Лирика», «Регапен» ва «Циклодол» топилди. Қолаверса, гаров сифатида қолдирилган ҳайдовчилик ва никоҳ гувоҳномалари, диплом, паспортлар борлиги аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Жаҳон банки Ўзбекистон молия секторини ислоҳ қилиш учун $15 млн ажратади
2 июн 2022, 11:12

Жаҳон банки Ўзбекистон молия секторини ислоҳ қилиш учун $15 млн ажратади

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига молия секторини ислоҳ қилиш мақсадлари учун 15 млн доллар имтиёзли кредит ажратади. Лойиҳага кўра, бир қанча давлат банклари хусусийлаштирилади, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш учун алоҳида — тараққиёт банки ташкил этилади, у экспорт қилувчиларни ресурслар билан таъминлайди.

Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас — Иқтисодий тараққиёт вазирлиги
2 июн 2022, 10:48

Ўзбекистонда шакар танқислиги мавжуд эмас — Иқтисодий тараққиёт вазирлиги

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги шакар нархи ўсишига муносабат билдириб, бунга асосан логистикадаги муаммолар ва ёқилғи нархларининг ўсиши таъсир қилаётганини қайд этди. Шунга қарамасдан, республикада шакар танқислиги мавжуд эмаслиги, йил якунигача етарли даражада захиралар яратилгани таъкидланмоқда.

Ўзбекистон ёзда Роғун ГЭСдан энергия сотиб олишни режалаштирмоқда
2 июн 2022, 10:23

Ўзбекистон ёзда Роғун ГЭСдан энергия сотиб олишни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ёзда Роғун ГЭСдан электр энергия экспорт қилиш бўйича меморандум имзолади. Йил охиригача энергия сотиб олиш ҳажми ва тарифлари бўйича шартнома тузиш режалаштирилган.

Сенат болалар учун ўз эшикларини очди
2 июн 2022, 09:56

Сенат болалар учун ўз эшикларини очди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунида Сенат болалар учун ўз эшикларини очди. Меҳрибонлик уйлари, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар тарбияланувчилари, иқтидорли болалар қонунлар қабул қилиш жараёни билан яқиндан танишди.

Ўзбекистон U23 олимпия жамоаси Осиё чемпионатини ғалаба билан бошлади
2 июн 2022, 09:18

Ўзбекистон U23 олимпия жамоаси Осиё чемпионатини ғалаба билан бошлади

Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси Тошкентда бўлиб ўтаётган U23 Осиё кубогининг очилиш ўйинида Туркманистонни 1:0 ҳисоби билан мағлуб этди.

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида автоташувчилар учун ўрнатилган қатор чекловлар бекор қилинди
1 июн 2022, 23:52

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида автоташувчилар учун ўрнатилган қатор чекловлар бекор қилинди

Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги «Олот» ва «Фарап» ўтказиш пунктлари одатий режимга қайтиб, Туркманистон ҳудудига хорижий автоташувчиларнинг кириши билан боғлиқ бир қатор чекловлар бекор қилинди.

Ёғ ва гўшт импорти бўйича солиқ имтиёзлари ҳисобига бюджетга 1,4 трлн сўм тушмайди
1 июн 2022, 23:12

Ёғ ва гўшт импорти бўйича солиқ имтиёзлари ҳисобига бюджетга 1,4 трлн сўм тушмайди

Гўшт, ўсимлик ёғи ва картошка импорти учун солиқ имтиёзлари туфайли бюджет йўқотиши 1,4 трлн сўмга яқинроқни ташкил этади. Бу йўқотишларни халқаро молия институтлари кредитлари ҳисобидан товарлар олиб киришда назарда тутилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш, солиқлар йиғимларини кўпайтириш ҳисобига қоплаш режалаштирилмоқда.

1 июнь куни Ўзбекистонда содир бўлган энг муҳим хабарлар дайжести
1 июн 2022, 23:00

1 июнь куни Ўзбекистонда содир бўлган энг муҳим хабарлар дайжести

Нархи ошган «буханка», ўсимлик ёғи маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлаган Ўзбекистон, Самарқандда тўй вақтида овқатдан заҳарланган 19 киши, қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун $2,4 млн ажратадиган USAID, камарга ёзилган штраф учун жанжал кўтариб, қамалган 3 нафар қашқадарёлик ва бошқалар — «Газета.uz» нинг 1 июндаги энг муҳим хабарлари дайжестида.

Нархлар кескин тебранган даврда Антимонополия қўмитаси ваколатлари кенгаяди
1 июн 2022, 22:35

Нархлар кескин тебранган даврда Антимонополия қўмитаси ваколатлари кенгаяди

Президент Антимонополия қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қўшимча ваколатлар юклади. Улар нархлар кескин тебранадиган даврларда корхоналар ҳудудига бевосита кириб, омборларидаги мавжуд захираларни хатловдан ўтказиш ҳамда асоссиз оширилган нархларни пасайтириш, ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва бошқалар бўйича мажбурий тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсисчиси бўлган компания «Ўзгазлойиҳа»даги давлат улушини сотиб олди
1 июн 2022, 18:58

Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсисчиси бўлган компания «Ўзгазлойиҳа»даги давлат улушини сотиб олди

Таъсисчиси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлган Prime Tower Group компанияси «Ўзгазлойиҳа» лойиҳа институтининг давлат улушини 21,5 млрд сўмга (1,95 млн доллар) сотиб олди. Тендерга халқаро компаниялардан Grant Thornton хусусийлаштириш, Dentons эса ҳуқуқий масалалар бўйича консультант сифатида жалб қилинди.

Музейлардаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш кучайтирилади
1 июн 2022, 18:54

Музейлардаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш кучайтирилади

Ўзбекистон музейларида экспонатларнинг оммавий ўғриланиши ва қалбакилаштирилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг, президент музей ашёлари ва коллекцияларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, уларни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди. Тошкентдаги учта музейни хорижий музейлар тажрибаси асосида реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициялар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, Маданий мерос кодекси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни сомон пояларини ёқмасликка чақирди
1 июн 2022, 18:09

Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни сомон пояларини ёқмасликка чақирди

Ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни далаларда қолган сомон поя қолдиқларини ёқмасликка чақирди. Сомон поя қолдиқларини ёқиш иқтисодиёт ва атроф-муҳитга кўплаб зарар этказади. Бу тупроқ унумдорлигининг кескин пасайишига, ҳавонинг ифлосланишига ва бошқа зарарларга олиб келади.

Фуқаровий қурол ва ўқ-дориларни ҳадя этиш тақиқланди
1 июн 2022, 17:56

Фуқаровий қурол ва ўқ-дориларни ҳадя этиш тақиқланди

«Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланмоқда. Шунингдек, ов қуроли ва ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш чегараси 25 ёш этиб белгиланди. Қолаверса, қурол эгалари даврий тиббий текширувдан ўтказиб турилади.

Қаршида хавфсизлик камарига ёзилган жарима сабаб йўлни тўсиб қўйганларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди
1 июн 2022, 17:45

Қаршида хавфсизлик камарига ёзилган жарима сабаб йўлни тўсиб қўйганларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди

Қаршида хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсган такси ҳайдовчиларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди, яна 12 нафари огоҳлантирилди.

Ўзбекистонда ўтаётган футбол бўйича U23 Осиё кубоги ҳақида нималар маълум?
1 июн 2022, 17:37

Ўзбекистонда ўтаётган футбол бўйича U23 Осиё кубоги ҳақида нималар маълум?

1 июндан 19 июнгача Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги тўртта стадион футбол бўйича U23 Осиё кубогига мезбонлик қилади. Илк беллашувда Австралия U23 − Қувайт U23 олимпия жамоалари майдонга чиқса, мусобақанинг расмий очилиш маросими 1 июнь куни «Пахтакор» стадионида бошланиб, Ўзбекистон U23 ва Туркманистон U23 жамоалари ўртасидаги баҳс билан давом этади. Барча жамоалар ва турнир ўтказилишига масъул шахслар Ўзбекистонга етиб келган. Мусобақа жадвали, стадионлар ва бошқа тафсилотлар.

Кўп қаватли уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик учун жавобгарлик кучайтирилди
1 июн 2022, 16:45

Кўп қаватли уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Президент имзолаган қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик ва уларга туташ ерда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ҳуқуқбузар жисмоний шахслар 9 млн сўмгача, мансабдорлар эса 15 млн сўмгача жаримага тортилади. Қоидабузарликни биринчи марта содир этган шахс ихтиёрий равишда муаммони бартараф этса, жавобгарликдан озод қилинади.

Антимонополия қўмитаси «буханка» нархи кескин ошганига муносабат билдирди
1 июн 2022, 15:08

Антимонополия қўмитаси «буханка» нархи кескин ошганига муносабат билдирди

Антимонополия қўмитаси пойтахтда қолипли нон («буханка») нархининг кескин кўтарилганига муносабат билдирди. «Ун маҳсулоти заҳираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда савдоларга қўйиб борилади», — дейилади хабарда. Қўмита фуқаролардан сунъий «ажиотаж» вужудга келтирмасликни сўрамоқда.


"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг