Ўзбекистон 1−19 июнь кунлари футбол бўйича U23 Осиё кубогига мезбонлик қилади. Мусобақалар Тошкент ва Қарши шаҳридаги «Бунёдкор», «Пахтакор», «Локомотив» ва «Марказий» стадионларида бўлиб ўтади. Япония ҳамда «Ливерпуль» клуби ўйинчиси Такуми Минамино, Эрон терма жамоаси футболчилари Мехди Тареми ва Алиреза Бейранванд ҳамда қатарлик Алмоез Али каби ўйинчиларни кашф этган мусобақага бугун старт берилади.

Футбол бўйича U23 Осиё кубоги. Фото: ОФК

Турнир Ўзбекистонда ўтиши ўтган йили маълум бўлган эди. Қайд этилишича, ЎФА U23 Осиё кубогини Ўзбекистон қабул қилиши бўйича ОФКга сўровнома юборган ва ЎФА мутахассислари мазкур чемпионатни мамлакатда ўтказиш бўйича тендер жараёнига доир зарурий ҳужжатларни ОФК вакилларига тақдим этиб, музокаралар олиб борган. Шундан сўнг Осиё футбол конфедерацияси U23 Осиё кубоги беллашувларини Ўзбекистонда ўтказишга розилик берган.

Дастлаб Хитой ушбу чемпионатни 2023 йилги Осиё кубогига тайёргарлик мусобақаси сифатида ўтказиши керак бўлган. Бироқ 2020 йил 15 октябрда Хитой футбол ассоциацияси турнир жадвалидаги зиддият, бошқа халқаро тадбирлар олдидан стадион қурилишини якунлаш муддатларидаги муаммолар ва COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган хавотирларни ҳисобга олган ҳолда мусобақани бекор қилган эди.

Турнир Ўзбекистонда 19 кун давомида қитъанинг энг яхши 16 жамоаси ўртасида ўтказилади. Чоршанба куни бўлиб ўтадиган очилиш баҳси «Пахтакор» стадионида Ўзбекистон U23 ва Туркманистон U23 олимпия жамоалари ўртасидаги беллашув билан бошланади. Финал ўйини 19 июнь куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтади.

ОФК вакили Павел Лузанов бошчилигидаги делегация. Фото: ЎФА

Маълум бўлишича, мусобақа олдидан U23 Осиё кубогини ўтказишга масъул шахслар Ўзбекистонга етиб келишган. Хусусан, Осиё футбол конфедерациясининг ҳакамлар департаменти раҳбари Шамсул бин Маидин, ОФКнинг мусобақалар ўтказиш бўлими раҳбари Аваз Бердиқулов ҳамда масъул ходими Павел Лузанов каби бир қатор масъул шахслар, махсус делегациялар Ўзбекистонга келишган.

Австралия U23 олимпия жамоаси вакиллари. Фото: ЎФА

БАА U23 олимпия жамоаси. Фото: ЎФА

1 июнь куни Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг «А» гуруҳидаги рақиблари Эрон U23 ва Қатар U23 олимпия жамоалари ўртасидаги 1-тур баҳси «Бунёдкор» стадионида ўтказилади. Шунингдек, чоршанба кунги беллашувлар орасидан Австралия U23 − Қувайт U23 ҳамда Иордания U23 − Ироқ U23 олимпия жамоалари ўртасидаги учрашувлар ўрин олган. Мазкур баҳсларга Қаршидаги «Марказий» ўйингоҳи мезбонлик қилади.

Қаршидаги «Марказий» стадиони мусобақага тайёр. Фото: ЎФА

Жасур Жалолиддинов − Ўзбекистон U23 олимпия жамоаси сардори. Фото: ЎФА

Маълумот ўрнида, футбол бўйича U-23 Осиё кубоги беллашувлари FUTBOL TV ҳамда UZREPORT TV телеканаллари орқали жонли эфирда узатилиши режалаштирилган.

Гуруҳлар ва ўйинлар бўлиб ўтадиган стадионлар, шунингдек, учрашувларнинг бошланиш вақтлари қуйида кўрсатилган.

«А» гуруҳи

  • Ўзбекистон U23
  • Эрон U23
  • Қатар U23
  • Туркманистон U23

1 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Эрон U23 − Қатар U23

1 июнь, соат 20:30
Тошкент, «Пахтакор» стадиони
Ўзбекистон U23 − Туркманистон U23

4 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Туркманистон U23 − Эрон U23

4 июнь, соат 20:00
Тошкент, «Пахтакор» стадиони
Қатар U23 − Ўзбекистон U23

7 июнь, соат 22:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Ўзбекистон U23 − Эрон U23

7 июнь, соат 22:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Қатар U23 − Туркманистон U23

«B» гуруҳи

  • Австралия U23
  • Иордания U23
  • Ироқ U23
  • Кувайт U23

1 июнь, соат 18:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Австралия U23 − Қувайт U23

1 июнь, соат 22:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Иордания U23 − Ироқ U23

4 июнь, соат 18:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Ироқ U23 − Австралия U23

4 июнь, соат 22:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Қувайт U23 − Иордания U23

7 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Австралия U23 − Иордания U23

7 июнь, соат 18:00
Қарши, «Марказий» стадиони
Ироқ U23 − Қувайт U23

«С» гуруҳи

  • Жанубий Корея U23
  • Таиланд U23
  • Вьетнам U23
  • Малайзия U23

2 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Жанубий Корея U23 − Малайзия U23

2 июнь, соат 20:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Таиланд U23 − Вьетнам U23

5 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Вьетнам U23 − Жанубий Корея U23

5 июнь, соат 20:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Малайзия U23 − Таиланд U23

8 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Пахтакор» стадиони
Жанубий Корея U23 − Таиланд U23

8 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Вьетнам U23 − Малайзия U23

«D» гуруҳи

  • Япония U23
  • Саудия Арабистони U23
  • Тожикистон U23
  • БАА U23

3 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Пахтакор» стадиони
БАА U23 − Япония U23

3 июнь, соат 20:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Саудия Арабистони U23 − Тожикистон U23

6 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Пахтакор» стадиони
Япония U23 − Саудия Арабистони U23

6 июнь, соат 20:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Тожикистон U23 − БАА U23

9 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Локомотив» стадиони
Саудия Арабистони U23 − БАА U23

9 июнь, соат 18:00
Тошкент, «Бунёдкор» стадиони
Япония U23 − Тожикистон U23

Чорак финал ўйинлари 11−12 июнь кунлари бўлиб ўтса, ярим финал беллашувлари 15 июнга белгиланган. Учинчи ўрин учун баҳс 18 июнь куни «Пахтакор» стадионида ўтказилади. Финал эса, юқорида таъкидланганидек, 19 июнь куни «Бунёдкор» ўйингоҳида бўлиб ўтади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U23 олимпия жамоаси 2018 йил Хитойда ўтказилган Осиё кубогида ғалаба қозонган. Футболчилар финалда Вьетнам U23 жамоаси билан асосий бўлимларда дуранг ўйнаб, экстра таймларда 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ҳолда 23 ёшгача футболчилар ўртасида Осиё чемпионига айланган эди.

Ўз навбатида, бу галги мусобақа олдидан ЎФА президенти Абдусалом Азизов Ўзбекистон U23 олимпия жамоаси билан учрашиб, футболчиларга ватан шарафи учун курашиш ва юрт обрўсини халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилиш лозимлигини айтган. У олимпия жамоасининг олдида турган асосий мақсадлардан бири — Париж Олимпиадасига пухта ва тизимли тайёргарлик кўриш эканини таъкидлаган.