Гўшт, ўсимлик ёғи ва картошка импортига қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар муддати 2022 йил охиригача узайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон давлат бюджетига 1,4 трлн сўмга яқин маблағ тушмайди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бухорода камбағалликни қисқартириш бўйича халқаро форум доирасида молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.

Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари имтиёзлар узайтирилишини «мажбурий чора» деб атади.

«Фақат гўшт (мол ва қўй гўшти — таҳр.), ўсимлик ёғи ва картошка учун имтиёзлар узайтирилди. Бу мажбурий чорадир, чунки импорт мамлакатларида ҳам нархлар ошган. Масалан, Россияда ўсимлик ёғи нархи анча ошди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, йирик ёғ импортчилари ёғ нархининг ошиши ҳақида хабар беришмоқда. Натижада, Россияда ўсимлик ёғининг экспорт нархи литри учун 2 доллардан ошди. Нархга рублнинг юқори курси ҳам таъсир қилади, бу эса Россия экспортини қимматлаштиради.

Имтиёзли даврда, шунингдек, чекловларни ҳисобга олган ҳолда, импорт қилувчилар ички бозорга маҳсулот етказиб бериш учун янги бозорларни қидиради. «Шу билан бирга, паррандачилар ички бозорни парранда гўшти билан 100 фоиз таъминлашни маълум қилишди», — дейди у.

Бюджетнинг 1,4 трлн сўмлик йўқотишини халқаро молия институтлари (ХМИ) кредитлари ҳисобидан товарлар олиб киришда назарда тутилган солиқ имтиёзларини бекор қилиш ҳисобига қоплаш кўзда тутилган. Дастлаб бу бюджетга 470 млрд сўм даромад келтириши кутилган бўлса, янги ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич 600 млрд сўмгача ошади.

«Аввал шундай эди: корхона ХМИ маблағлари ҳисобидан банкдан кредит олса, импорт қилишда корхона имтиёзларга эга бўларди. Агар у бошқа манбалар ҳисобидан қарз олса, унда ҳеч қандай фойда йўқ эди. Агар компания ўз ҳисобидан импорт қилса, унда ҳам ҳеч қандай фойда бўлмасди. Бир хил товарлар импорт қилинаётган бўлса-да, молиялаштириш манбаси туфайли турли хил шароитлар. Бу тузатилди, бунинг ҳисобига йилига 600 млрд сўм олишни режалаштирмоқдамиз», — деди у.

Шунингдек, ҳукуматга 1 июлга қадар имтиёзларни келгусида бекор қилиш бўйича ҳужжат тақдим этиш топширилди. «Ҳозир бу борада вазирлик ва идораларнинг бир гуруҳ мутахассислари ишламоқда. Ва ишлаб чиқилаётган рўйхатда ҚҚС бўйича имтиёзлар ҳам бор», — деди молия вазири ўринбосари.

Дилшод Султонов, шунингдек, солиқ маъмуриятчилигининг такомиллаштирилгани туфайли солиқ йиғиш ҳажми ошишини кутмоқда.

1 январдан 30 апрелгача картошка, гўшт, ўсимлик ёғи, балиқ ва бошқа маҳсулотлар импортида ҚҚС бўйича имтиёзлар жорий этилиши туфайли давлат бюджетининг йўқотишлари 800 млрд сўм деб баҳоланган эди.