Давлат активларини бошқариш агентлиги «Ўзгазлойиҳа» лойиҳа ташкилоти устав капиталидаги 63,4 фоиз давлат улушини 21,5 млрд сўмга сотишга розилик берди, деб хабар берди Давактив матбуот хизмати.

Оммавий тендер доирасида Prime Tower Group 21,5 млрд сўм (1 июнь ҳолатига кўра МБ курси бўйича қарийб $1,95 млн) таклиф қилган харидор сифатида танланди.

Бунда энг мақбул таклифларни танлаб олиш асосида Grant Thornton халқаро компанияси хусусийлаштириш бўйича консультант сифатида жалб этилган ва Dentons халқаро юридик компанияси ҳуқуқий кўмаклашган.

Мулк 2021 йил 29 декабрда ким ошди савдосига қўйилган. Консультант томонидан лойиҳалаш, қурилиш ҳамда газ ва нефт маҳсулотларини ташиш хизматларини кўрсатувчи 28 та маҳаллий ва хорижий компанияларга жамият фаолияти тўғрисидаги инвестиция тизерлари юборилган.


Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри (КТЯДР) маълумотларига кўра, Prime Tower Group МЧЖ 2016 йил март ойида рўйхатга олинган. Устав капитали 314 млн сўм бўлган корхона архитектура соҳасида фаолият юритади. Муассислар Нодирбек Ибрагимов (60 фоиз) ва Махсуд Худаяров (40 фоиз).

Prime Tower Group Тошкент шаҳридаги йирик лойиҳаларда: Tashkent city'даги бир нечта лотларнинг бош дизайнери, Тошкент рақамли ситуацион маркази, президент мактаблари, «Янги Ўзбекистон» президент университети, «Чоштепа» маҳалласидаги 72та уй ва бошқаларда иштирок этган.

«Ўзгазлойиҳа»да иккинчи энг катта улуш Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга (34,5 фоиз) тегишли.