Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда республика бозорларида шакар нархининг ошиши юзасидан кўплаб хабарлар тарқалмоқда.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги мазкур ҳолатга муносабат билдириб, ташқи ва ички бозорларда шакар нархининг ўзгариш динамикаси ва унга таъсир қилувчи омиллар ҳақида маълумот берди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бугунги кунда ички бозорда 1 кг шакарнинг ўртача нархи 9500−13 000 сўм доирасида шаклланмоқда, шунингдек айрим савдо нуқталарида шакар нархининг 14 000 сўмгача кўтарилгани кузатилмоқда.

Шу билан бирга, қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида шакар нархи 52 фоизга (сўм эквивалентида қўшни мамлакатларда 14 000 сўмдан 21 000 сўмгача) ўсиши билан бир қаторда, ушбу маҳсулот тақчиллиги билан боғлиқ муаммо ва хатарлар юзага келаётганлиги қайд этилди.

Қўшни ва бошқа МДҲ мамлакатларида нархларнинг ошиши, ўз навбатида Ўзбекистон ички бозорида аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида ҳам шакар нархи бўйича инфляцион кутилмаларнинг кучайишига маълум маънода таъсир кўрсатувчи омиллардан бўлди.

«Бозор иқтисодиёти шароитида ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётининг минтақа ва бошқа давлатлар иқтисодиётлари билан ташқи савдо борасида ҳамкорликнинг кенгайиб ва эркинлашиб бориши ҳолатида мамлакат ичидаги нархларни қўшни давлатлардагига нисбатан кескин фарқ қилувчи даражада сақлаб туришнинг деярли имкони бўлмайди», — дейилади вазирлик баёнотида.

Хусусан, жорий йилда мамлакатда шакар ишлаб чиқариш ҳажми январь-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 минг тонна ёки 16 фоизга кўпроқни (224 минг тоннадан 259 минг тоннагача ошган), яъни таклиф ҳажми ошганлигига қарамай (биржа орқали сотилган ҳажм 177 минг тоннадан 186 минг тоннагача кўпайган) шакар нархи асосан ташқи омиллар таъсирида ўсиши кузатилди, дейилади хабарда.

Шакар нархининг ўсишига, биринчи навбатда, мазкур маҳсулот ва унинг хомашёсини Марказий Осиё минтақасига етказиб бериш бўйича транспорт ва логистика билан боғлиқ муаммолар ҳамда ёқилғи ресурслари нархларининг ўсиши таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, бугунги кунда Лондон биржасида шаклланган шакарнинг нархи (500 доллардан 575 долларгача) 15 фоизга ошган бўлса, унинг Ўзбекистонга етказиб бериш харажатлари 1 тоннаси учун 173 доллардан 271 долларгача ёки 57 фоизга ошган.

Натижада, тахминий ҳисоб-китобларга кўра, DAP Uzbekistan шартида Ўзбекистон чегарасигача етказиб бериш тайёр шакарнинг қиймати (божхона ва солиқ тўловларисиз) йил бошидаги 674 доллардан 840 долларгача ёки 25 фоизга ошган.

«Анъанавий денгиз портларининг ёпилиши ҳамда альтернатив портлар ўтказувчанлик сиғимларининг пастлиги товарларни узоқ муддат қолиб кетиши ҳамда сақлаш билан боғлиқ қўшимча харажатларни юзага келтирмоқда. Юзага келган мазкур шароитда минтақадаги экспортёр давлатлар ҳамда Ҳиндистон томонидан экспортга чекловнинг киритилиши кузатилмоқда», — дейилади хабарда.

Маълумот учун: Россия ҳукуматининг 2022 йил 14 мартдаги тегишли қарорига асосан 2022 йил 31 августгача, Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг 2022 йил 4 майдаги буйруғига асосан 6 ой муддатга шунингдек, Ҳиндистонда 2022 йил 25 майдан шакар экспортига чеклов ўрнатилди.

Тақчилликнинг олдини олиш

«Республикамизда эса шакар танқислиги мавжуд эмас ва ички бозорни йил якунига қадар шакар билан тўйинтириш бўйича барча захиралар яратилган», — дейилади вазирлик хабарида.

Жумладан, шакарга бўлган талабнинг мавсумий ошиши шароитида (мева-сабзавотларни концервация қилиш мавсуми) нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида биржа савдоларига чиқариладиган шакар ҳажми жорий йил июнь ойидан бошлаб 50 фоизгача оширилади. Хусусан, биржадаги савдоларга қўйилаётган шакар ҳажми амалдаги 2000 тоннадан 3000 тоннагача оширилади.

Жорий йилда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 720 минг тонна ёки ўтган йилга нисбатан 22 фоизга кўпроқни ташкил этади. Бунда шакар ва унинг хомашёси импорти ҳажми ўтган йилги 643 минг тоннадан 900 минг тоннагача оширилади.

Иқтисодий тараққиёт вазирлигининг ишонтиришича, бунинг натижасида жорий йил якуни билан ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган тайёр шакар қолдиғи 118 минг тоннадан кўпроқни ташкил этиши кутилмоқда.

Аввалроқ, «Газета.uz» Россия шакар ва ғалла экспортини вақтинчалик тақиқлаши ортидан (шакар хом ашёси асосан Россиядан келтирилади) Ўзбекистон бозорида нарх қандай ўзгариши ҳақида ёзганди.

16 март куни Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Россия шакар ва ғалла экспортига киритган вақтинчалик чекловлари Ўзбекистондаги маҳсулотлар ҳажмига таъсир кўрсатмаслигини маълум қилди. Аҳоли ва корхоналарнинг талабини узлуксиз ва барқарор нархларда буғдой, ун, шакар билан таъминлаш, нархлар кескин ўзгаришининг олдини олиш учун захиралар яратилгани айтилганди.

18 мартга келиб, вазиятни барқарорлаштириш мақсадида шакар заводлари томонидан биржа савдосига қўйиладиган шакар ҳажми ўртача 30 фоизга оширилди. Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда, мамлакатлар расмийларининг маълум қилишича, спекуляциялар ва сунъий равишда юзага келтирилган танқислик натижасида мазкур маҳсулотга бўлган талаб борасида ажиотаж кузатилмоқда.