Тошкентда «буханка» нархи 2800 сўмга кўтарилди

Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб қолипли нон («буханка») нархи ошиб, 2800 сўмга сотилмоқда. Антимонополия қўмитаси бунга муносабат билдирди. «Ун маҳсулоти заҳираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда савдоларга қўйиб борилади», — дейилади хабарда. Қўмита фуқаролардан сунъий «ажиотаж» вужудга келтирмасликни сўрамоқда.

Ўзбекистон ўсимлик ёғи маҳсулотларини экспорт қилишни тақиқлади

1 июндан бошлаб пахта, кунгабоқар ёғи ва уруғи ҳамда бошқа ёғ ўсимликларининг уруғлари ва меваларини экспорт қилиш вақтинча тақиқланди. Ушбу маҳсулотлар ички бозорда етарли бўлган тақдирда Вазирлар Маҳкамаси экспортни қайта тиклаши мумкин. Қолаверса, озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби ҳам вақтинча тўхтатилди.

USAID Ўзбекистон қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун $2,4 млн ажратади

АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистондаги, айниқса, Оролбўйи ҳудудидаги қишлоқ аёлларини қўллаб-қувватлаш учун 2,4 млн доллар ажратади. Маблағлар аёлларни тадбиркорлик кўникмалари ва касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг фаолиятини микромолиялаштириш, қолаверса, мураббийлик ва бандлик дастурларини амалга оширишга йўналтирилади.

«Озодлик Радиоси» Ўзбекистонда журналистларни аккредитациядан ўтказишни муҳокама қилмоқда

«Озод Европа Радиоси / Озодлик Радиоси» медиа корпорацияси президенти Жейми Флай Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида музокаралар ўтказди. Учрашувда «Озодлик» материаллари Ўзбекистон қонунчилиги ва «журналист этикасига» мос келиши, қолаверса, журналистларни аккредитациядан ўтказиш масалалари муҳокама қилинди.

Кўп қаватли уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

Президент имзолаган қонунга мувофиқ, кўп квартирали уйлар конструкцияларини ноқонуний ўзгартирганлик ва уларга туташ ерда қурилиш ишларини амалга оширганлик учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Ҳуқуқбузар жисмоний шахслар 9 млн сўмгача, мансабдорлар эса 15 млн сўмгача жаримага тортилади. Қоидабузарликни биринчи марта содир этган шахс ихтиёрий равишда муаммони бартараф этса, жавобгарликдан озод қилинади.

Қаршида хавфсизлик камарига ёзилган жарима сабаб йўлни тўсиб қўйганларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди

Қаршида хавфсизлик камарини тақмаганлик учун белгиланган жаримадан норози бўлиб йўлни тўсган такси ҳайдовчиларнинг 3 нафари 10 суткага қамалди, яна 12 нафари огоҳлантирилди.

Фуқаровий қурол ва ўқ-дориларни ҳадя этиш тақиқланди

«Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланмоқда. Шунингдек, ов қуроли ва ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш чегараси 25 ёш этиб белгиланди. Қолаверса, қурол эгалари даврий тиббий текширувдан ўтказиб турилади.

Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни сомон пояларини ёқмасликка чақирди

Ғалла ўрим йиғими мавсуми бошланиши муносабати билан Давлат экология қўмитаси аҳоли ва фермерларни далаларда қолган сомон поя қолдиқларини ёқмасликка чақирди. Сомон поя қолдиқларини ёқиш иқтисодиёт ва атроф-муҳитга кўплаб зарар этказади. Бу тупроқ унумдорлигининг кескин пасайишига, ҳавонинг ифлосланишига ва бошқа зарарларга олиб келади.

Музейлардаги маданий бойликларни муҳофаза қилиш кучайтирилади

Ўзбекистон музейларида экспонатларнинг оммавий ўғриланиши ва қалбакилаштирилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг, президент музей ашёлари ва коллекцияларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказиш, уларни муҳофаза қилишни кучайтириш бўйича топшириқ берди. Тошкентдаги учта музейни хорижий музейлар тажрибаси асосида реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва янги экспозициялар яратиш ишлари олиб борилмоқда. Қолаверса, Маданий мерос кодекси ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсисчиси бўлган компания «Ўзгазлойиҳа»даги давлат улушини сотиб олди

Таъсисчиси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бўлган Prime Tower Group компанияси «Ўзгазлойиҳа» лойиҳа институтининг давлат улушини 21,5 млрд сўмга (1,95 млн доллар) сотиб олди. Тендерга халқаро компаниялардан Grant Thornton хусусийлаштириш, Dentons эса ҳуқуқий масалалар бўйича консультант сифатида жалб қилинди.

Нархлар кескин тебранган даврда Антимонополия қўмитаси ваколатлари кенгаяди

Президент Антимонополия қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қўшимча ваколатлар юклади. Улар нархлар кескин тебранадиган даврларда корхоналар ҳудудига бевосита кириб, омборларидаги мавжуд захираларни хатловдан ўтказиш ҳамда асоссиз оширилган нархларни пасайтириш, ортиқча озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш ва бошқалар бўйича мажбурий тақдимномалар киритиш ҳуқуқига эга бўлди.

Самарқандда 19 киши тўйда овқатдан заҳарланди

Жомбой туманида 19 нафар фуқаро тўйда овқатдан заҳарланиб, тиббиёт бирлашмаларига мурожаат қилган. Улардан 14 нафарининг соғлиги қониқарли, 5 нафари тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда. Самарқанд вилоят ИИБ ижтимоий тармоқларда тўйда 200 киши заҳарлангани ҳақида тарқалган хабарларни рад этди.

Қашқадарёда 27 ёшли фуқаро ўз уйида ўлдириб кетилди

Қаршида 27 ёшли фуқаронинг жасади уйидан қотиллик аломатлари билан топилди. Қашқадарё вилоят прокуратураси уни 18 ёшли фуқаро ўлдирганликда айбланаётганини маълум қилди, гумонланувчи ҳибсга олинди.

Май ойида йиллик инфляция 11%га етди

Май ойида йиллик инфляция 2021 йил августидан бери биринчи марта 11%лик кўрсаткичга қайтди. Ўтган ойда инфляция ноозиқ-овқатлар соҳасида энг кучли бўлган — 1,3%. Озиқ-овқатлар 1,2%га, хизматлар эса 0,4%га қимматлаган.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақолалар:

1 июндан нималар ўзгаради?

Бюджет ташкилотлари ходимларининг 12 фоизга оширилаётган иш ҳақи, малака тоифасига қараб тиббиёт ходимларининг ошаётган ойлик маоши, ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча имтиёзлар, ипотека кредитининг дастлабки бадали қоплаб бериладиган ёш ватандошлар, харажатларининг бир қисми тўланадиган маҳаллий сайёҳлар, волонтёрлар учун электрон платформа — 1 июндан нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда ўтаётган футбол бўйича U23 Осиё кубоги ҳақида нималар маълум?

1 июндан 19 июнгача Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги тўртта стадион футбол бўйича U23 Осиё кубогига мезбонлик қилади. Илк беллашувда Австралия U23 − Қувайт U23 олимпия жамоалари майдонга чиқса, мусобақанинг расмий очилиш маросими 1 июнь куни «Пахтакор» стадионида бошланиб, Ўзбекистон U23 ва Туркманистон U23 жамоалари ўртасидаги баҳс билан давом этади. Барча жамоалар ва турнир ўтказилишига масъул шахслар Ўзбекистонга етиб келган. Мусобақа жадвали, стадионлар ва бошқа тафсилотлар.