Президент томонидан 31 май куни имзоланган қонун [772-сон] билан бир қатор қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 8 февраль куни, Сенат томонидан эса 28 апрелда маъқулланганди.

«Прокуратура тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, прокуратура органлари ходимлари хизмат қуролини ва шахсий ҳимоя воситаларини қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқига эгалиги белгиланди. Илгари фақатгина олиб юриши мумкинлиги кўрсатилганди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар билан ўқотар ов қуроли, пневматик ов қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш ёки мусодара қилиш асосий тирикчилик манбаи овчилик бўлган шахсларга нисбатан қўлланилиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Ов қилиш ва балиқ овлаш, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Шунингдек, «Қурол тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этиш тақиқланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон фуқароларининг фуқаровий ов қуроли ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш цензи (чегараси) 25 ёш этиб белгиланди (бунга қадар 21 ёш эди).

Фуқаролар ва махсус хизмат вазифаларига эга юридик шахсларнинг ходимлари қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан даврий тиббий текширувдан ўтказилади.

Қонун билан шунингдек, хизмат қуролига ҳамда фуқаровий қуролга эгалик қилишга монелик қиладиган касалликлар ёки жисмоний нуқсонлар рўйхатлари белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирида Сенат ялпи мажлисида «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонун кўриб чиқилиб, мақулланган эди.