29 йиллик танаффусдан сўнг Европа ва Жанубий Америка қитъаси чемпионлари ўртасида Finalissima — 2022 беллашуви ташкил этилди. Қитъалараро кубок баҳсида Аргентина ва Италия терма жамоалари беллашишди.



Finalissima — 2022 кубоги. Фото: Getty Images

Жанубий Америка чемпионлари учрашув бошиданоқ рақиб дарвозаси томон кетма-кет ҳужумлар ташкил этди ва иккинчи дақиқадаёқ Ди Мария Жанлуижи Доннарумма қўриқлаётган дарвозага гол киритиши мумкин эди. Ўз навбатида, тартиб-интизом ва намунали ўйин эвазига аргентиналиклар танаффусга иккита гол фарқи билан чиқиб кетишди.

Лаутаро Мартинес гол урган вазият. Фото: AFP

Ўйиннинг 28-дақиқасида Лионель Месси Италия терма жамоаси ҳимоячиси Ди Лоренцодан ўтиб, жарима майдони ичидаги шериги Лаутаро Мартинесга қулай узатма берди — 1:0. Шундан кейин ҳам Лионель Скалонинг шогирдлари олдинга интилишди. Танаффус олдидан Лаутаро марказда тўпни қабул қилиб олиб, олдинга ташланди ва битта кросс зарба билан Ди Марияни дарвозабон билан бирга-бир ҳолатга чиқариб юборди. Ҳужумчи нозик тегиниш билан жамоасини танаффусга 2:0 ҳисобида чиқишини таъминлаб берди.

Италия терма жамоаси устози Роберто Манчини танаффусда учта ўзгаришни амалга оширди, шу жумладан, фаолиятидаги сўнгги ўйинини ўтказаётган Жоржио Кьеллинини алмаштирди. Аммо бу ўзгаришлар италияликларнинг ўйини ўзгаришига ёрдам бермади.

Жоржио Кьеллини Италия терма жамоаси либосида охирги ўйинини ўтказди. Фото: AFP

«Адзурри» «Уэмбли»дан EURO-2020 ғолиби сифатида қайтганди, бироқ шу куни Италия терма жамоасининг ўйини ўхшамади. Учрашув давомида тўлиқ устунликка эришган жанубий америкаликлар баҳснинг сўнгги дақиқасида Пауло Дибаланинг голи эвазига йирик ҳисобда ғалабага эришди — 3:0 ва Аргентина Finalissima — 2022 ғолиби!

Месси Finalissima — 2022 нинг энг яхши ўйинчиси деб топилди. Фото: AFP

Учрашувда Лионель Месси 2 та ассистни қайд этиб, қитъа чемпионлари ўртасидаги финалнинг энг яхши футболчиси деб топилди. У шунингдек, фаолиятидаги 40-совринни қўлга киритиб, Андрес Иньестани (39) ортда қолдирди. Мессидан фақат Дани Алвес олдинда — 46.

Ўз навбатида, Аргентина терма жамоасининг мағлубиятсиз беллашувлари серияси 32та ўйинга етди ва бу мамлакат рекорди саналади. Маълумот учун, бунгача икки қитъа чемпионлари ўртасидаги тўқнашувларда 1985 йили Франция, 1993 йили Аргентина ғолиб бўлганди.