ДХХ Андижон шаҳрида ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб келган гуруҳ фаолиятига чек қўйди, деб хабар берди ЎзА.

1988 ва 1991 йилларда туғилган, муқаддам судланган ака-ука икки нафар қариндошларини жалб этган ҳолда кишига вақтинчалик сархушлик берадиган кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг савдосини йўлга қўйганлиги айтилмоқда.

Таъкидланишича, дастлаб вилоят марказидаги «Навоий» шох кўчасида ўтказилган тезкор тадбирда 1997 й.т., муқаддам судланган шахс бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 70 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинди.

Сўнгра унинг кўрсатмаси асосида гуруҳнинг бошқа бир аъзоси — муқаддам 3 маротаба судланган, 1983 й.т. аёлнинг яшаш хонадонида текширув ўтказилди. Натижада таркибида психотроп моддалар туркумига кирувчи «тригексифенидил гидрохлорид» моддаси бўлган 75 дона «Циклодол» дори воситаси, шунингдек, 1715 дона «Регапен», 211 дона «Тропикамид», 200 дона «Зардекс», 185 дона «Лирика» кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб олинди.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мазкур гуруҳ етакчилари бўлган ака-уканинг А.Ҳайдаров кўчасида жойлашган яшаш хонадонларида ва шаҳарнинг «Амир Темур» кўчасида жойлашган уларга тегишли «ХХХ» тунги клубида ва автомашиналар ювиш шаҳобчасида тинтув-тергов ҳаракатлари олиб борди.

«Гумондорлар томонидан келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган, Қирғизистондан ноқонуний олиб келинган умумий қиймати 103 млн сўмлик 3000 дона „Тропикамид“, „Регапен“, „Лирика“ номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган», — дейилади хабарда. Яна уларнинг олдидан «бита» таёқлари, ўткир тиғли жисмлар, алоқа воситалари, катта миқдордаги пул маблағлари, ҳисоб-китоб дафтарлари, гаров сифатида қолдириб кетилган ҳайдовчилик гувоҳномаси, диплом, никоҳ гувоҳномаси, фуқаролик паспортлари чиққан.


Бошқа бир ҳолатда эса ДХХ ходимлари Андижон шаҳрида яшовчи 1986 й.т. фуқаро бошқарувидаги Cobalt автомашинасини «Дўстлик» МФЙ ҳудудида тўхтатиб текширишган. Натижада унда 2296 дона «Лирика», 1598 дона «Тропикамид» ва 337 дона «Регапен» дори воситалари борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда олиб қўйилган.

Бундан ташқари, Олтинкўл туманида ўтказилган тадбирда «Наманган — Андижон» йўналишида ҳаракатланиб келаётган Lacetti автомашинасида 4032 дона «Регапен» ҳамда 971 дона «Тропикамид» кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган. Маълум бўлишича, Олтинкўл туманида яшовчи, 1984 й.т. ва Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи, 1995 й.т. икки нафар фуқаро ушбу дори воситаларини Андижон шаҳрида сотишни режалаштирган.

Барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.