1 июндан бошлаб Тошкент шаҳри дўконларида қолипли нон («буханка») нархи 1400−1600 сўмдан 2800 сўмгача қимматлашди. Ижтимоий тармоқларда бу ўзгариш кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолатга Монополияга қарши курашиш қўмитаси муносабат билдирди.

Тезкор ўрганишларга кўра, қолипли нон учун энг юқори нарх Тошкент шаҳрида — 2800 сўм, Қашқадарёда вилоятида энг паст — 1650 сўм, республика бўйича ўртача нарх эса 2250 сўм эканлиги аниқланган.

«Ун маҳсулоти жорий йил июнь ойидан бошлаб биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган. Республикада ун маҳсулоти заҳираси шакллантирилган бўлиб, нарх наволарнинг кескин ошиб кетмаслиги учун зарур миқдорда ун савдоларга қўйиб борилади», — дейилади хабарда.

Хусусан, жорий йил июнь ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши, бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. Жорий йил 1 июнь ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарда зарур дон захиралари мавжуд.

«Шу ўринда айтиб ўтиш лозимки, ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши, биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадам бўлиб, ушбу жараёнда шаффоф тизим яратилиши билан бирга, республиканинг энг чекка ҳудудларига ҳам маҳсулотнинг етиб борилиши назоратга олинган», — дейилади қўмита баёнотида.

Шу сабабли қўмита нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада ҳавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий «ажиотаж» вужудга келтирмасликларини сўраган.

Фуқаролардан бозорда сунъий танқислик юзага келиши ва нархларнинг кескин ошиб кетиш ҳолатларини кузатганида, Антимонополия қўмитасининг ишонч телефонига (71−207−47−00), Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги Call-марказига (1159 қисқа рақам) ёки Қўмитанинг ахборот хизматига (71) 207−47−00 (ички 224) мурожаат қилиши мумкинлиги эслатиб ўтилган.