Ғалла майдонларида йиғим-терим бошланди. Шу сабабдан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Ўзбекистон аҳолиси, фермер хўжаликлари ва ташкилот раҳбарларини далаларда сомон поя қолдиқларини ёқмасликка чақирди.

«Сомон поя қолдиқларини ёқиш тупроқ унумдорлигининг кескин ёмонлашишига олиб келади, чунки олов унумдор тупроқ қатламидаги микроэлементларни ёқиб юборади», — дея огоҳлантиради қўмита.

Бундан ташқари, атмосфера ҳавосига углерод оксиди, азот оксиди, азот диоксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиги учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади.

Далаларда сомон пояларининг ёниши назоратсиз ёнғинларга, шу орқали одамларнинг жароҳатланишига ёки йиғиб олинмаган экинларнинг ёниб кетишига олиб келиши мумкин.

Қўмита сомон поялари ва уларнинг қолдиқларининг ёқилиш ҳолатига йўл қўйган ҳуқуқбузарларга ва ер эгаларига нисбатан МЖтКнинг 88-моддаси 3-қисми билан БҲМнинг 10 баробаригача (3 млн сўм) бўлган миқдорда маъмурий жарималар қўлланилиши ҳамда ёнғин содир бўлган ғалла экин майдонларнинг ҳар бир гектарига етказилган зарар бўйича амалдаги тартиб асосида иқтисодий чоралар белгиланиши ҳақида огоҳлантирди.