Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида 27 майдан давлат музейларида хизмат кўрсатиш ва экспозиция турларини кенгайтириш, шунингдек, музей коллекцияларини муҳофаза қилишни кучайтириш режалаштирилмоқда.

Давлат раҳбари раислигида 26 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси, Бухоро давлат музейи ва бошқа объектлардаги йирик маданий бойликларнинг қалбакилаштирилиши, маданий бойликларнинг оммавий талон-тарож қилиниши танқид қилинганди. 27 майдаги қарор билан мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, барча музейлардаги ашёлар ва коллекцияларни ҳамда бошқа фондлардаги маданий бойликларни тўлиқ инвентаризациядан ўтказишнинг мақсадли режасини тасдиқлаш топширилди.

Инвентаризация Бош прокуратура билан ҳамкорликда Маданий мерос агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекцияси ва Фанлар академияси билан тузилган эксперт комиссиялари томонидан амалга оширилади. Шунингдек, мазкур идора ва ташкилотларга музей ашёлари ва коллекциялари ҳамда бошқа маданий бойликларни ишончли муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кучайтириш топширилди. Хавфсизликни кучайтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар фармонда қайд этилмаган.

Фармонда яна қандай чора-тадбирлар назарда тутилгани — «Газета.uz»нинг қисқача шарҳида.

Тошкент шаҳридаги музейларда илғор тажрибаларни синовдан ўтказиш

Пойтахт ҳокимлиги томонидан 1 ноябрга қадар Туркиянинг малакали компаниялари иштирокида шаҳар бюджетининг маблағлари ва қўшимча манбалари ҳисобидан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини жорий этишда намуна сифатида реконструкция қилиш, жиҳозлаш, рақамлаштириш ва хизматлар кўрсатиш бўйича ишлар амалга оширади. Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Темурийлар тарихи давлат музейи ва Давлат табиат музейида янги экспозициялар яратилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Маданий мерос агентлиги ва Фанлар академиясига янги экспозицияларни чуқур илмий-тарихий асослашга эътибор қаратиш топширилди.

Қўшимча хизматларнинг мақсадли режаси

2022−2023 йилларга мўлжалланган мақсадли режага кўра, 27 та музейда кўнгилочар дастурлар, концертлар, «Музей кечалари», «Очиқ осмон остидаги фестиваль», ҳунармандлардан маҳорат сабоқлари, совғалар ва эсдалик буюмлари дўконлари, интернет-дўконлар, фотосессиялар учун махсус зоналар каби хизмат турларини жорий этиш ва бошқа турдаги хизматлар кўрсатишга рухсат берилди.

Аввалроқ, давлат музейларига соат 22:00 га қадар ва тунги вақтларда ҳам хизмат кўрсатишга рухсат берилгани ҳақида ёзгандик. Қолаверса, пулли хизматлар кўрсатишда иштирок этган музей ходимларига қўшимча тўловлар тўланади ва улар моддий рағбатлантирилади.

2023−2026 йилларга мўлжалланган археологик ёдгорликларни музейлаштиришнинг мақсадли режаси

2023−2026 йилларга мўлжалланган режага асосан археологик ёдгорликларни консервация қилиш, очиқ осмон остидаги музейлар ташкил этиш ва археологик ёдгорликларни сайёҳлик масканларига айлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Рўйхатга Сурхондарё вилоятидаги Дальверзинтепа, Андижон вилоятидаги Мингтепа, Тошкентдаги Чилонзор Оқтепа ва Юнусобод Оқтепа, Самарқанд вилоятидаги Шерозқалъа ва Афросиёб, Қорақалпоғистондаги Қўйқирилган Қалъа ва Тупроккалъа, Намангандаги қадимги Поп (Мунчоктепа), Фарғона вилоятидаги Қува шаҳарчаси ва бошқа объектлар киради.

Ўзбек халқи тарихи ва давлатчилигига оид янги экспозицияларнинг манзилли режаси

22 та музейда Биринчи Уйғониш даври арбобларига (маҳаллий олимлар Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Муҳаммад ат-Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Бакр Хоразмий, Абу Абдуллоҳ Хоразмийнинг хизматлари, Ибн Сино, Юсуф Хос Хожиб, Аҳмад Яссавий, Исмоил Жуозхоний, Нажмиддин Кубро ва бошқалар) ва Иккинчи Уйғониш даври арбоблари (Баховиддин Нақшбанд, Хожа Муҳаммад Порсо, Садиддин Тафтазоний, Мирзо Улуғбек, Қозизода Румий, Низомиддин Шомий, Саккокий, Лутфий, Али Қушчи, Хожи Аҳрор, Мирхонд, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Хондамир, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқалар), шунингдек, музейнинг ихтисослигига қараб экспозицияларнинг бошқа мавзу ва жиҳатларига қараб янги экспозициялар тақдим этилади.

Миллий музей фондининг электрон каталоги

Маданий мерос агентлигига 2023 йилнинг апрелигача музей ашёлари ва коллекцияларини электрон тарзда аниқлаш, миллий музей фондининг электрон давлат каталогини шакллантириш ва юритиш чораларини кўриш топширилди.

Каталогда музей ашёларининг фотосуратлари ва 3D версиялари бўлиши керак. Уларни монетизация қилиш тизимини жорий этиш ва каталогнинг маданий бойликларни халқаро қидирув тизимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг маълумотлар базалари ва электрон хизматлар билан интеграциялашувини таъминлаш топширилди.

Маданий мерос кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш

2023 йил мартигача «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида», «Археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида», «Музейлар тўғрисида» ҳамда «Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши тўғрисида», Қуролли тўқнашувлар юз берганда маданий бойликларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Конвенция (Гаага, 1954 йил), Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенсиялар (Париж, 1972 йил), Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги халқаро Конвенсия (Париж, 2003 йил) ва бошқа қонун ҳужжатлар ва халқаро шартномалар, қонунлар нормаларини умумлаштирувчи Маданий мерос кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

ICOM ва ICOMOS`га аъзолик тўловлари ва ҳамкорликни ошириш

Маданий мерос жамғармасидан Халқаро музейлар кенгаши (ICOM) ҳамда ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш халқаро кенгаши (ICOMOS)га ҳар йили аъзолик бадалларини ҳар йили камида иккита маданий мерос ташкилоти, шу жумладан музейлар ва 100 нафар мутахассис учун тўлаш жорий этилмоқда.

Шунингдек, АҚШ, Швейцария, Греция, Туркия, Грузия, Қозоғистон, Россия ва бошқа мамлакатлардаги хорижий музейлар ва музей уюшмалари билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш режаси тасдиқланди.