1 июндан Ўзбекистон-Туркманистон чегаларидаги «Олот» ва «Фарап» ўтказиш пунктлари одатий режимга қайтиб, Туркманистон ҳудудига хорижий автоташувчиларнинг кириши билан боғлиқ бир қатор чекловлар бекор қилинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, мазкур келишувга Ўзбекистон делегацияси таркибида Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Ибрагимовнинг Туркманистонга хизмат сафари доирасида Ашхобод шаҳрида божхона соҳасида бўлиб ўтган учрашувда эришилган.

Бундан ташқари, ишчи учрашувда икки давлат ўртасида ўзаро савдода олиб ўтилган товарлар тўғрисида маълумот алмашинуви бўйича баённома лойиҳаси ҳамда божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган товар ва транспорт воситалари тўғрисида олдиндан ахборот алмашинувини бўйича техник шартлар кўриб чиқилган.

Шунингдек, «Олот» ва «Фарап» ўтказиш пунктлари орқали кунига камида 500 та юк автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишини таъминлашга келишиб олинди.