Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Фейсал бин Фархан бин Абдулла билан мулоқот қилди. Саудия томони Камиловни Ўзбекистон президентининг махсус вакили деб қайд этган ва суҳбат чоғида сўнгги минтақавий ҳамда халқаро ўзгаришлар муҳокама қилинган.
Ховос туманида Lacetti ва Nexia автомобилларининг тўқнашуви оқибатида 5 киши, жумладан, кичик ёшдаги болалар ҳалок бўлди. Бир киши жароҳатланди.
Пастдарғом туманида 3 нафар шахс 4 сотих ер майдонида 610 туп марихуанани, Пайариқ туманида эса фуқаро ўз уйида 103 туп кўкнори гиёҳванд ўсимлигини парваришлаб келаётгани аниқланди. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.
Ўзбекистонда маймун чечаги қайд этилмаганини айтган Нурмат Отабеков, республикада жорий қилинадиган спортчиларни тайёрлашнинг янги тизими, қорнида салфетка қолиб кетган 26 ёшли андижонлик аёл, Олтинкўл туманига ҳоким бўлган ҳоким ёрдамчиси, реконструкция қилинадиган Қарши аэропорти ва бошқалар — «Газета.uz»нинг 23 майдаги энг муҳим хабарлари дайжестида.
Бекободда «ВАЗ-2104» ва «Cobalt» автомашиналари тўқнашиб, икки киши (улардан бири 2022 йилда туғилган) вафот этди, учтаси касалхонага ётқизилди.
Ўзбекистонда бирор спорт тури бўйича маҳаллий олимлар томонидан на методика, на дастур ишлаб чиқилган. Спорт диетологияси, фармакологияси, психологияси, кардиомашғулотлар бўйича мутахассислар тайёрланмайди, дея танқид қилди Шавкат Мирзиёев соҳани ривожлантиришга бағишланган йиғилишда. «Бугунги кунда спортчиларни тайёрлаш 30 йил олдинги дастурлар асосида амалга оширилмоқда», — деди у.
Қарши халқаро аэропортида реконструкция ишлари олиб борилмоқда: терминалнинг ўтказувчанлик қуввати икки бараварга оширилади, янги багаж тасмалари ҳамда электрон тарозилар ўрнатилади, йўловчилар учун қулайликлар яратилади.
Ўзбекистонда спортчиларни тайёрлаш ва селекция қилиш бўйича мутлақо янги тизим жорий қилинади. Шавкат Мирзиёев ёшларни болаликданоқ спортга жалб қилиш борасидаги ёндашувлар ўзгартирилишини маълум қилди. Бухоро тажрибаси асосида — яхши натижага эришган ёш спортчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилади ва улар махсус гуруҳларда бепул ўқитилади, спорт мактаби тренерларининг иш ҳақи 35 фоизга оширилади.
Ўзбекистоннинг Австриядаги элчиси Абат Файзуллаев ўриндошлик асосида мамлакатнинг Венгриядаги дипломатик ваколатхонасини ҳам бошқаради.
Асака туманида туғруқхона шифокорлари 26 ёшли аёлнинг қорнида салфеткани унутиб қолдиргани орадан 10 ой ўтиб маълум бўлди. Туман ҳокимлиги салфетка жарроҳлик амалиёти билан олиб ташлангани ва беморнинг саломатлиги бўйича шикояти йўқлигини маълум қилди. Тармоқларда тарқалган видео эса бошқа шифокорларга ўрнак бўлиши учун суратга олингани ва номаълум шахс томонидан тарқатиб юборилгани айтилмоқда.
Sanoat Energetika Guruhi (собиқ Jizzakh Petroleum) хорижий компанияси давлатдан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини 100 млн долларга сотиб олди. Компания шунингдек, 380 млн долларга заводни модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватини ошириш ва бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олди. Битим тафсилотлари.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Тошкент шаҳри ва вилоятида 290 минг туркман манатини сотишга уринган тўрт нафар шахсни қўлга олди.
Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков 14 та давлатда тарқалган маймун чечаги инфекцияси Ўзбекистонда қайд этилмаганини маълум қилди. Айни пайтда ЖССТ тавсияларидан келиб чиқиб ушбу инфекциянинг мамлакатга кириб келмаслиги учун зарур чоралар кўрилмоқда. Унинг ишонтиришича, бундай ҳолатда касаллик оммавий эпидемия тарзида тарқалиб кетмайди.
Ҳафта давомида Ўзбекистон бўйлаб об-ҳаво кам булутли ва илиқ бўлади. Сешанбадан кунлар яна исий бошлайди, ҳарорат +37 даражагача кўтарилади. Жума куни эса айрим жойларда қисқа ёмғир ёғади. Ҳафтанинг иккинчи ярмидан шамол кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилиши мумкин.
Самарқанд ИИБ ходимлари бир нафар қозоғистонлик ва икки нафар маҳаллий туристга нисбатан электрошокер қўллаган ҳолда мажбуран бўлимга олиб боришди. Видеоларда ходимлар шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири олиб борилаётгани ва соат 23:00 дан кейин кўчада юриш мумкин эмаслиги ҳамда уларга «режа» қўйилганини таъкидлашган. ИИВ «ходимлар хизмат вазифаси ва махсус-техник воситаларни қўллаш ваколатини суиистеъмол қилганини» маълум қилди.
Қўрғонтепа тумани ҳокими ёрдамчиси Махамадмусо Обидов Олтинкўл тумани ҳокими этиб тайинланди. У олдинроқ Миллий банкнинг Андижон вилояти филиали раҳбари ҳам бўлган.
Самарқанд ва Наманган вилоятларида ички ишлар ходимлари фуқароларни қасддан айбдор қилишга урингани айтилмоқда, бунинг исботи эса видео лавҳаларда акс этган. Самарқандда ички ишлар ходими аёл кишини прокуратура биносидан чиқаришга уринаётганида ўз қўли билан хизмат кийимидаги погонини юлиб ташлаган, бунинг учун эса суд аёлни айбдор деб топган. «Эзгулик» жамияти тергов ва суд иши қонунга зид олиб борилганини айтмоқда. Намангандаги ҳолатда эса ЙПХ ходими ҳайдовчи билан тортишиб, унга боши билан зарба берган, инспекторга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.
Май ойи бошида очилган Сергели туманини Тошкент маркази билан боғловчи янги йўлдаги айрим деворлар кучли шамол оқибатида қулаб тушди. Ҳокимият пудратчи деворларни мустаҳкам ўрнатмагани ва у ҳозирда деворларни қайта таъмирлаётганини маълум қилди.
Алишер Райимов Ангрен шаҳри ҳокими этиб тайинланди.
Дунёда қочқинлар ва кўчишга мажбур бўлганлар сони рекорд даражани қайд этиб, 100 млн кишига етди. Бунга сабаб — Эфиопия, Буркина-Фасо, Мьянма, Нигерия, Афғонистон ва Конгода узоқ давом этган ҳарбий можаролардир. 2022 йилда уларнинг қаторига Украинадаги уруш ҳам қўшилди, бунинг оқибатида 6 млн киши мамлакатни тарк этди, ички кўчишлар сони эса 8 млнга етди.
Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг