Тошкентнинг Сергели тумани ҳокимлиги Тошкент маркази билан Сергели туманини боғловчи янги йўлдаги айрим деворлар қулаб тушганига изоҳ берди. Ушбу йўл май ойи бошида очилганди.

Йўл ёқасида бетон плиталардан ясалган йиғма девор ўрнатилган. Daryo нашри эълон қилган видеодан кўриш мумкинки камида 4 қатор девор ва яна 2 та плита қулаб тушганини кўриш мумкин. Видео муаллифи плиталар пиёдалар ва велосипедчилар устига ҳам қулаб тушиши мумкинлиги айтиб, «айбдорлар жавобгарликка тортиладими?» дея савол билан юзланган.


Туман ҳокимлиги хабар беришича, мазкур йўл ўтган ҳудуд очиқ бўлгани боис кучли шамол кучлироқ бўлганлиги кузатилган. Ўзгидромет 21−24 май кунлари кучли шамоллар эсишини маълум қилганди.

Ҳокимлик ўрганишларига кўра, ушбу камчилик пудратчининг деворни мустаҳкам ўрнатмаганлиги билан боғлиқ, шунинг учун пудратчи ўз ҳисобидан деворни таъмирлашга киришган.

Сергели туман ҳокимлиги бефарқ бўлмаган барча аҳоли вакилларига миннатдорчилик билдириб, келтирилган ноқулайликлар учун узр сўради.