Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ўринбосари Абдулазиз Камилов Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири, шаҳзода Фейсал бин Фархан бин Абдулла билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Саудия ахборот агентлиги хабар берди.

22 май куни бўлиб ўтган суҳбатда Саудия томони Абдулазиз Камиловни Ўзбекистон президентининг махсус вакили деб қайд этган.

«Мулоқот чоғида икки қардош мамлакатнинг интилишларини рўёбга чиқариш мақсадида икки томонлама муносабатлар ва уларни барча соҳаларда мустаҳкамлаш йўллари кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, томонларни қизиқтирган сўнгги минтақавий ва халқаро ўзгаришлар ва масалалар муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни 2012 йилдан буён ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Камилов президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланган эди. Унинг ўрнини вақтинча Владимир Норов эгаллади.

Унга қадар, 29 март санасидан Абдулазиз Камилов сўнгги ўн кун давомида сурункали касалликлари туфайли Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олгани, шундан сўнг, саломатлигини янада чуқуррок текширувдан ўтказиш зарурати юзага келгани сабабли хорижда даволанаётгани айтилганди.